Метан-шохобчаларга чеклов: бу сафар об-ҳаво айбдор эмас. Газсиз уйларга арзонроқ свет ваъдаси: бу масала ҳалиям ўрганиляпти. Уй ва автомобил савдосида янги тартиб: олди-берди нақдсиз шаклда бўлиши керак. Ўзбекистонда ҳам фуқаролар йиллик декларация топшира бошлайди: буни иккита шаҳар аҳолиси бошлаб беради. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Метан керакми, шомгача улгуринг

Об-ҳавонинг шарофати билан, бу йил ўзбекистонликлар охирги бир неча йил ичида биринчи марта ноябр-декабр ойларини метан шохобчалардаги чекловларсиз ўтказиши мумкин эди. Афсуски, насиб қилмаган экан. Маълум бўлишича, қаттиқ совуқ бўлмаса ҳам, ўрнига бошқа муаммо пайдо бўлган ва йил 12 ой қишга тайёрланадиган энергетика тизими бу муаммога тайёр бўлмаган. Натижада 11-12 декабр кунларидан бошлаб барча ҳудудлардаги АГТКСлар кечки ва тунги вақтларда ишлолмай қолди.

Энергетика вазирлигига кўра, муаммо – қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган “техник носозлик” билан боғлиқ. Россия ва Қозоғистон нашрларидаги жимликдан келиб чиқилса, гап Туркманистон ҳақида кетяпти. Пайшанба куни парламентга чақирилган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам қўшни давлат номини тилга олмай, у ердаги авария сабаб Ўзбекистонда суткасига 6 млн кубометр ҳажмдаги тақчиллик юзага келганини айтди.

“Афсуски, қўшни давлатдаги носозлик туфайли тизимда 6 млн куб газ дефицити мавжуд. Шу сабабли мавсумий истеъмолчиларни ўчирган ҳолда, биринчи ўринда аҳоли, ижтимоий ва стратегик объектлар ҳамда ИЭСларни газ билан таъминлаш мақсадида график асосида газ қуйиш шохобчаларига чекловларни эълон қилдик. Бу – ана шу бўлган технологик ҳодиса туфайли. Ҳозир уни бартараф этиш бўйича қўшнилар билан биргаликда ишлаяпмиз”, – деди у.

Йиғилишда вазият тақозоси билан газ экспортини тўхтатиб туриш масаласи кўтарилмади. Бундан ташқари, айни ҳозиргидек ҳолатларда асқотиши керак бўлган газ омборларининг муаммо ечимидаги роли ҳақида ҳам сўз боргани йўқ. Вазир ўз ҳисоботида омборларни тўлдириш режаси бажарилгани, улардан кунига 42 млн кубометргача ҳажмда газ олиш мумкинлигини