Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубида молиявий муаммолар кузатиляпти. Жамоа матбуот хизмати вакили Фурқатбек Нишоновнинг маълум қилишича, коммунал тўловлардан қарздорлик сабаб «Бунёдкор» стадиони ва академияси иссиқ ва совуқ сув, шунингдек, электрдан узилган.

«Етиб келганимиз шу бўлса керак, «Бунёдкор» стадиони, академиясида 2 ойдан бери иссиқ сув йўқ эди, ойлик охирги марта декабрда олганмиз, мана бугун бутун академия ва стадион ҳудудида электрни ўчиришибди. Айтганча, бу йил Ўзбекистон тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионатида қатнашади! Омад ёр бўлсин!» – дея ёзди Нишонов Facebook’даги саҳифасида.

Kun.uz билан боғланган клуб вакилининг сўзларига кўра, «Ўзбекнефтгаз» ҳомийлик қилишни тўхтатгач, Ривалдо олдидаги қарздорлик тўловлари ҳам катта муаммога айланган.

«Ривалдонинг 2028 йилгача бўлиб тўланиладиган қарзининг 2026 йилгиси 15 апрелгача берилиши керак эди, тўланмади. Энди унга ҳам катта пенялар қўшилади. Давлат берадиган 35 млрднинг 2/3 қисми Ривалдога кетади», дейди у.

Аввалроқ, бир қатор йирик давлат компаниялари футбол клубларини молиялаштиришни тўхтатгани хабар қилинганди. Масалан, «Ўзбекнефтгаз» йил бошида «Бунёдкор», «Насаф» ва «Бухоро» клубларига ҳомийлик қилишдан воз кечди

35 млрд сўмлик молиялаштириш тизими

Бу йилги мавсумдан бошлаб Ўзбекистонда футбол клублари тўғридан тўғри давлат бюджетидан ҳам пул оладиган бўлди. 27 март куни имзоланган қарор билан, Суперлига клубларининг ҳар бирига давлат бюджетидан 2026 йилда 35 млрд сўмдан, 2027 йилда 30 млрд сўмдан, 2028 йилда эса 25 млрд сўмдан маблағ ажратилади. Жорий йилда 16 та клубга ажратилаётган жами маблағ 560 млрд сўм бўлиб, бу – 45 млн доллардан ортиқроқ сумма демакдир.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Суперлига ва Про лига клубларининг футболчилари 3 йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади. Бу имтиёзлар нафақат футболчилар, балки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида миллий терма жамоаларга жалб этиладиган барча тренерларга ҳам тегишли.

Шунингдек, футбол клублари ва турли спорт федерацияларига ҳомийлик қилган тадбиркорларга ҳам солиқ имтиёзи белгилаб қўйилди. Бундай тадбиркорлар давлат телеканалларининг спортга доир эфирлари вақтида ярим нархида реклама жойлаштириш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди. Клуб харажатларининг камида 20 фоизини зиммасига олган тадбиркорлар клубни ишончли бошқарувга олиши мумкин. Агар тадбиркор клубни биратўла сотиб олмоқчи бўлса, давлат унга имтиёзли кредит беришини ҳам эълон қилди.