Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ғурурланаман, сен қаҳрамонимизсан” — Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдоровни шахсан табриклади
“Рейтинги энг юқори гроссмейстерларни кучли ирода ва жасорат билан мағлуб этдинг. Сенга манаман деган шахматчилар ҳам тан беряпти”, – деди Синдоров билан телефон орқали гаплашган президент.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни тарихий ғалаба билан табриклади.
“Қадрли Жавоҳир болам, овозингни эшитганимдан хурсандман. Катта ютуқ билан ёнингда турган ота-онанг, барча яқинларинг, мураббийларингниям ҳаммасини муборакбод этаман. Мени фақат хурсанд қилиб юрибсан. Бутун халқимиз дуода эди, мана шу дуолари ижобат бўлди.
Юртимизнинг куч-қудратини, ёшлар нимага қодир эканини, учинчи ренессанс пойдевори Ўзбекистонда бўлишини бутун дунёга тараннум этдинг. Ўзбекистон шахмат тарихида илк бор FIDE номзодлар турнирида муддатидан аввал ғалаба қозонганинг, мусобақада бирон марта мағлубиятга учрамаганинг, бир қанча рекордларни янгилаганинг, 13 та ўйинда 6 та ишончли ғалаба қозонганинг – Хоразм, Беруний боболаримизга муносиб иш қилганинг, бундай ютуққа Амир Темур бобомизнинг юбилейи кунларида эришганингдан халқимиз жуда хурсанд.
Рейтинги энг юқори гроссмейстерларни кучли ирода ва жасорат билан мағлуб этдинг. Сенга манаман деган шахматчилар ҳам тан беряпти. Учинчи ренессанс бунёдкорларининг шижоатини яққол кўрсатдинг ва дунёга намойиш этдинг. Яна бир марта, болам, табриклайман. Ғурурланаман, қаҳрамонимизсан, шуни билгин”, – деди давлат раҳбари.
Жавоҳир Синдоров ўз навбатида барча ғалабалари замирида давлат томонидан, шахсан президентнинг ўзи томонидан бўлаётган қўллаб-қувватлаш ётганини, мусобақага тайёргарлик учун ҳомийлар бириктириб берилганини айтиб, бундай қўллов ва қутлов учун миннатдорчилик билдирди.
“Олимпиадада ҳам юртдошларимиз билан ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Жаҳон тожи учун йил охирида бўладиган курашда ҳам, худо хоҳласа, ғалаба қозонаман. Қўллаб-қувватлаб турганинглар учун катта раҳмат, мен буни ҳис қилдим, ҳатто [кўчалардаги] билбордларда турганим жуда катта ҳаяжон уйғотди”, – деди чемпион.
“Ҳар сафар айтган гапингнинг устидан чиқяпсан. Шунинг учун йил охирида насиб бўлса жаҳон тожини ҳам ватанимизга олиб келишингга ишонаман. Илойим, бу йўлда сенга омад ва зафарлар тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, болам. Юртимизга интиқлик билан кутиб қоламиз. Ҳаммага, боболарингга, мураббийларингга мендан салом деб қўйгин”, – дея суҳбатни якунлади Шавкат Мирзиёев.
Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолиб бўлиб улгурган Жавоҳир Синдоров бугун сўнгги турда хитойлик Вей И билан оқ доналарда баҳс юритади. Партия Тошкент вақти билан соат 17:30 да бошланади.
Мавзуга оид
22:20 / 16.04.2026
Тошкент шаҳрининг 12 та тумани маълум бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилади
22:08 / 16.04.2026
Самарқанддаги 9 гектар майдонда янги Ипак йўли музейи барпо этилади
20:29 / 16.04.2026
Уруш қатнашчиларига 30 млн сўмдан бир марталик мукофот пули берилади
22:14 / 15.04.2026