Яққол устунлик

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Кипрда бўлиб ўтаётган 2026 йилги Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолиб бўлди.

Дунёнинг саккиз нафар кучли шахматчилари иштирок этаётган турнир давомида ўзбекистонлик 20 ёшли шахматчи биринчи ўриндан пастга тушмади. У биринчи даврада россиялик Андрей Есипенко, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанадҳа, америкалик Фабиано Каруана ва Ҳикару Накамура ҳамда хитойлик Вей И устидан қозонилган ғалабалардан кейин турнирнинг яққол фаворитига айланганди.

Эътиборли томони, у аксарият партияларда рақибларининг юришларини олдиндан топиш орқали вақт борасида катта устунликка эришди ва уларни эндшпилда иложсиз ҳолатда қолдираверди.

Иккинчи даврада у азалий рақиби ҳисобланган Рамешбабуни яна бир бор мағлуб этди ва шундан кейин унинг чемпионлигига деярли ҳеч кимда шубҳа қолмади.

Ўзбекистонлик шахматчи турнир жадвалида рақибларидан ўзиб кетганидан кейин таваккалчиликдан тийилиб, асосий эътиборини натижага қарата бошлади ва керакли дуранглар орқали масофани ушлаб турди.

13-тур арафасида эса унда муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштириш имконияти юзага келди. У бу вақтга келиб 12 имкониятдан 9 очко жамғарган ва иккинчи ўриндаги Аниш Гиридан икки очкога олдинда эди. Ўзаро баҳсда дуранг ҳам чемпионлик учун кифоя қиларди.

Синдоров қора доналарда ўйнаганига қарамай, қарийб тўрт соатга чўзилган партияда ишончли ҳимояланди. Аксар сипоҳлар алмашиб юборилганидан сўнг ўйин техник жиҳатдан мураккаб бўлган рухлар иштирокидаги эндшпилга ўтди ва якунда Гирида дурангга рози бўлишдан бошқа чора қолмади.

Синдоров эса ғалабага тенг дурангдан кейин чемпионликни муддатидан олдин расмийлаштирди. Энди сўнгги тур натижаларидан қатъи назар ҳеч ким унга етиб ололмайди.

Рекордлар

10-турда Рамешбабу устидан қозонилган ғалаба Синдоров учун турнирдаги 6-ғалаба бўлди ва бу икки даврали турнирнинг замонавий формати учун рекорд натижага айланди.

Бунга қадар турнир тарихида ҳеч бир шахматчи 6 ғалабага эришмаганди.

Аввалроқ Магнус Карлсен, Ян Непомняший ва Фабиано Каруана каби бошқа номдор гроссмейстерлар бир турнирда кўпи билан 5 та партияда ғалаба қозонганди. Синдоров эса бу натижани 10-турга келибоқ янгилашга муваффақ бўлди.