Ҳайитлик олган Тошкент, калтакланган устозлар ва ортаётган энергоқарамлик — ҳафта дайжести
Икки аёлни дўппослаган зўравон видео тарқалмагунча терговга тортилмади: аёллардан бири ИИБ ходимининг онаси бўлганида ҳам “дело” очиш шунақа кечикармиди? Олмалиқда 9 қаватли уй сифатсиз қурилган: видео чиқмаса, биров билмасмиди? Газ импорти кўпайиб, қазиб олиш кескин камайди: бош вазир бу йил қазиб олишни сезиларли ошироламиз деганди-ку? Ортда қолаётган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Тошкентга янги автобуслар муборак!
Хитойдан олиб келинган 400 та янги автобуснинг йўналишларга чиқарилиши Тошкент аҳолиси учун чинакам ҳайитлик совғаси бўлди. 20 апрел тонгида илк марта йўналишларга чиққан 400 та янги автобуснинг 114 таси 18 метрли “гармошка”лар экани кўпчиликнинг эътиборини тортди. King Long компанияси ишлаб чиқарган бундай энг катта сиғимли автобуслар сони Тошкентда тез орада 200 тага етади.
Супер-узун шаҳар автобуслари Тошкентда ҳаракатланмай қўйганига 10 йил бўлганди. Бундай “гармошка”-автобуслар пойтахт учун охирги марта 1995 йилда харид қилинган, энг сўнггилари 2013 йилгача ҳаракатланган эди. Уларнинг қайтиши муносабати билан қатор бекатларнинг геометрик параметрларига ўзгартириш киритишга тўғри келяпти, чунки 18 метрли транспортлар ҳамма бекатларга ҳам сиғмаяпти.
Шу ҳафта пойтахт кўчаларида ҳаракатлана бошлаган янги автобусларнинг 286 таси – Yutong русумли, узунлиги 12 метр. Улардан 117 таси табиий газда юради, 169 таси эса электробус.
Хитойдан буюртма қилинган 1000 та катта автобуснинг қолган 600 таси ҳам яқин ҳафталарда етиб келиши кутиляпти. Бу билан шаҳар автобуслари сони, эскилари таркибдан чиқарилиши ҳисобига, 1800 тага етиши айтилган. Шу тариқа, Тошкентда узоқ давом этган жамоат транспорти деградациясидан кейин автобуслар сони 1991 йилдаги даражага яқинлашади. Маълумот учун, 90-йиллар бошида пойтахтимизда 2200 тадан кўпроқ автобус, 500 тадан кўпроқ таркибга эга трамвай ва 400 тадан кўп таркибга эга троллейбус ҳаракатланган.
Автобуслар кўпайиши билан бир вақтда, тизим ҳам ислоҳ қилинаётгани қувонарли. Ташувчи корхоналар билан брутто-контракт тизимида ишлашга ўтиш уларни сон эмас, сифат учун ишлашга ундаши керак. Чунки бунда ташувчи корхонанинг даромадлари ташилган йўловчилар сонига боғлиқ бўлмайди. Йўлкирадан 5 млн сўм тушум бўладими, 10 млн сўмми – фарқи йўқ, – тушган пуллар шаҳар ҳокимиятининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади. Ҳокимият ташувчи корхоналарга ҳаракат жадвали ва интервал талаблари, санитария қоидаларига амал қилишига қараб пул тўлайди. Корхоналар бунинг учун Тошкентдаги 167 та автобус йўналишини тендерда ютиб олиши керак.
Калтакланган ўқитувчилар: Видео тарқалмаса, жиноят иши ҳам йўқми?
Сурхондарёнинг Узун туманидаги 31-мактабда икки аёл ўқитувчининг калтаклангани ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган воқеаларидан бири бўлди. Чунки воқеанинг муҳокама қилинадиган жиҳатлари кўп.
Бир томондан, икки ўқитувчи аёл мактабда, директор хонасида, директорнинг кўз ўнгида дўппосланса-ю, эркак директор зўравонга тайинли қаршилик қилмаса. Зўравон бегона эмас, шу мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси эканини ҳисобга олсак, у энг камида қилмиши учун директор томонидан ишдан ҳайдалишини ўйлаши керак эмасмиди? Ҳеч қанақа маълумот берилмаганига қараганда, аслида ҳам шундай бўлиб чиққан. Директор кучи аёлларга етган муштумзўрни ишдан ҳайдаш тугул, унга ҳатто ҳайфсан ҳам беролмаган бўлиши мумкин. Вазир Ҳилола Умарова ҳам вазиятни назоратга олганини айтган бўлса ҳам, негадир чора кўришни пайсалга соляпти.
Калтакланган аёллардан бирининг айтишича, воқеа ҳақида ички ишлар органларига ўша куниёқ хабар берилган. Лекин ҳолат бўйича жиноят иши орадан 4 кун ўтиб, видео интернетда тарқалганидан кейин қўзғатилди ва муштумзўр қўлга олинди. Агар видео тарқалмаганида, жиноят иши очилармиди-йўқми, худо билади. Шу ўринда Узун тумани ички ишлар бўлимига нисбатан оддийгина савол туғилади: агар калтакланган аёллардан бири ички ишлар ходимининг онаси бўлганида ҳам жиноят иши очиш шунақа кечикармиди? Ёки эркак саноқли соатлар ичида ҳибсхонада ётган бўлармиди?
Жиноят иши безорилик моддаси билан қўзғатилган. Зўравонни 15 млн сўмдан 30 млн сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кутяпти. Калтакланган икки ўқитувчи эса 18 апрел ҳолатига касалхонада.
Олмалиқда 9 қаватли уй сифатсиз қурилгани маълум бўлиб қолди
Интернетда тарқалган яна бир видео, эҳтимол, ўнлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолди. Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қурилаётган 9 қаватли уй сифатсиз қурилаётгани ҳақида видео тарқалиши ортидан, Қурилиш вазирлиги қурилишни тўхтатишга кўрсатма берди. Маълум бўлишича, бино қурилишида сейсмик хавфли ҳудудларга доир қурилиш меъёрлари бузилган.
Видеода қурилишдаги бетоннинг жуда ҳам сифатсизлиги айтилади. Вазирлик хабарига кўра, объектнинг барча 9 та қаватини кўтаришда монолит-бетон контрукцияларнинг мустаҳкамлиги бўйича лаборатория хулосалари олинмаган. Ишлатилган қурилиш материалларининг сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ.
Умуман, қурилиш қоидаларини бузиш котлован босқичиданоқ бошланган. Кейин опалубка монтаж ишларида лойиҳадан четга чиқилган. Вазирлик қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериб, қурувчи ташкилот раҳбарини жаримага тортди.
Олмалиқликлар видео муаллифидан миннатдор бўлиши керак. Қурилиш соҳаси органлари эса шунчаки телефонида камераси бор оддий фуқарочалик бўлолмагани жуда ҳам афсусланарли. Биз Туркиядаги зилзиладан даҳшатга тушиб юрган бир пайтда, қаерлардадир котлован босқичидаёқ қоидабузарликлар билан бошланган қурилишлар 9-қаватгача бўй чўзган экан. Ва буни то видео тарқамагунча, ҳеч ким “кўрмаган”, билмаган.
Энергоресурслар: ишлаб чиқариш камайиб, импорт кўпайяпти
2023 йил 23 январ. Энергетика инқирозидан кейинги кунлар. Бош вазир Абдулла Арипов куз-қиш мавсумига тайёргарликдаги хатолардан хулоса чиқарилишини айтаркан, 2023 йилда газ қазиб олишни 9 фоизга ошириш имконияти борлигини эълон қилганди.
Орадан уч ой ўтди. Статистика агентлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, 2023 йилнинг биринчи уч ойида табиий газ қазиб олиш 9,6 фоизга қисқарган. Яъни 9 фоизга кўпайтириш имконияти бор дейилган жойда, биринчи чорак 10 фоизлик қисқариш билан тугаган. Уч ойлик қазиб чиқариш миқдори 1,3 млрд кубометрга камайиб, 12,3 млрд кубометрга тушиб қолган.
Газ қазиб чиқариш камайиши электр энергиясини ҳам камайтирган. Январ-март ойларида 18,5 млрд KW/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоизга кам.
Ҳукумат энергетика инқирозига қарши курашиш учун кўмирга қайтиш бўйича катта режаларни эълон қилганди. Лекин бу йўналишдаги кўрсаткичлар газ ва кўмирдан ҳам ёмонроқ: уч ой давомида кўмир қазиб олиш нақ 14 фоизга камайиб кетган.
Бундан ташқари, уч ой давомида иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 16,5 фоизга, газ конденсати қазиб олиш 9 фоизга қисқарган. Фақатгина нефт қазиб олишда 6,7 фоизлик ўсишга эришилган.
Буларнинг барчаси энергетика инқирозидан кейин рўй бераётгани кишини ўйлантиради. Қолаверса, табиий қазилма бойликларни ўзлаштирувчи хусусий компанияларга берилган бемисл солиқ имтиёзлари ҳам халққа эмас, фақат олигархларга фойда келтираётганга ўхшайди.
Статистикага кўра, март ойида газ импорти кескин ошиб кетган. Эътибор беринг, Ўзбекистон январ-феврал ойларида четдан атиги 1,7 млн долларлик газ сотиб олган. Биргина март ойида эса бундан 90 баробар кўп – 151,2 млн долларлик газ импорт қилинган.
Бунча газ қаердан, қанча нархларда сотиб олингани маълум эмас. Эҳтимол қишда Туркманистондан харид қилинган газ расмий статистикада март ойига келибгина акс этаётгандир. Бошқа томондан, айнан март ойидан бошлаб Россиядан газ импортини йўлга қўйиш бўйича музокаралар бўлаётган эди. Бу музокаралар ҳақидаги шов-шувда асосий масала Ўзбекистон газ тармоқларини Россияга бериб юбормаслик бўлган, расмийлар бу масалада хотиржам бўлиш мумкинлигини айтиб, миллий манфаатларга доир бошқа масалалар, айниқса нархларга ойдинлик киритмаган эди. Якунда бу музокаралар тақдири нима бўлди – баҳорнинг иккинчи ойи тугаяпти ҳамки, маълумот берилгани йўқ.
Умуман, Ўзбекистон газдан бошқа энергоресурслар бўйича ҳам борган сари чет давлатларга қарамлиги ортиб боряпти. Хусусан, 2023 йил биринчи чорагида нефт ва кўмир импорти қарийб 1,5 баробарга ошган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, нефт импорти 43 фоизга, кўмир импорти 62 фоизга кўпайган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ташаббусли бюджет доирасидаги “Менинг йўлим” лойиҳасига старт берилди. 27 апрелгача ички йўлларни таъмирлаш бўйича опенбюджет порталида таклифлар қолдириш мумкин. Лойиҳа бюджети унчалик кўп эмас – 312 млрд сўм. Лекин яхши томони, бу маблағнинг ҳаммаси ички йўлларни таъмирлашга кетади.
Олий суд яна 208 нафар қатағон қурбонларини оқлади. Номи оқланганлар рўйхатида 30-йиллар бошидаги Учлик кенгаши, русчасига айтганда Тройканинг ноҳақ қарорлари билан отувга ҳукм қилинган, концлагерларга сургун қилинган ватандошларимиз бор. Шу тариқа, қатағон қурбонларининг номларини оқлаш бўйича Олий судда тузилган ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракати билан оқланганларнинг жами сони 616 нафарга етди.
Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг мудофаа ишлари бўлими бошлиғи 600 доллар билан ушланди. ДХХ хабарига кўра, у фуқарога ноқонуний равишда ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб беришни ваъда қилган. “Левий” қилмоқчи бўлиб қўлга тушган яна бир давлат хизматчиси эса Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокимлигида ишлайди. У ҳокимият балансидаги 3 гектар ерни онлайн аукционда ютиб бериш эвазига 4 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган.
Тошкентда 17 яшар қиз номаълум эркакнинг ҳужумига учради. Эркак мактабдан уйига қайтаётган қизнинг орқасидан келиб уни қучоқлаб олган, юзидан ўпиб, қочиб кетган. Қизнинг отаси фарзанди қаттиқ стрессда эканини айтиб, йигитни жазолашни талаб қилаётган бўлса ҳам, негадир ҳали ҳуқуқий иш очилмади. Ички ишлар органларига яна ўша саволни беришга тўғри келади: агар орган ходимининг қизи билан шундай бўлса, иш очилиши учун неча дақиқа етарли бўларди?
Болалар билан боғлиқ нохуш воқеа Қашқадарёда ҳам кузатилди. Косон туманида вояга етмаган қиз ота-онаси томонидан аёвсиз калтакланди. Аввалига ўгай она йиғлаб ўтирган қизни ўрнидан турғазиш учун қаттиқ силтайди, кейин қизнинг ўз отаси уни хивчин билан савалайди. Ҳолат бўйича қийнаш моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, бир киши қўлга олинган.
Мавзуга оид
23:15 / 30.11.2024
Ҳуқуқ органларида “тозалаш”, газдан узилаётган бизнес ва шифокорлар ойлиги масаласи — ҳафта дайжести
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024