Ўзбекистон | 09:47 / 23.06.2021
29353
17 дақиқада ўқилади

Метро энди хавфсиз транспорт эмасми? Кўнгилсизликлар қачонгача давом этади?

20 июнь куни метрода яна бир кўнгилсизлик рўй берди, жараён акс этган видеолар интернетда тарқалган. Бу Тошкент метрополитенида йил бошидан буён (ОАВга маълум бўлган) 10-фавқулодда ҳолат. Кўнгилсизликларнинг аксарияти март-май ойларида кузатилган.

Воқеалар хронологияси

18 март куни «Олмазор» ва «Чоштепа» орасидаги туннелда 4 вагонли поезд тўхтаб қолган, натижада шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган навбатдаги поезд вагонларга келиб урилганди. Расмий баёнотда вагонларга катта зарар етмагани таъкидланса-да, интернетда тарқалган суратларда ортдан келиб урилган поезднинг олд қисми яхшигина пачоқланганини кўриш мумкин.

7 апрель куни Тошкент метросида яна икки поезд тўқнашгани ҳақида хабар тарқалди. Метро маъмурияти тўқнашув бўлганини рад этган. Расмий изоҳда поезд «Ғофур Ғулом» бекатида техник сабабларга кўра тўхтатилгани, йўловчилар вагонлардан туширилиб, навбатдаги поездга ўтказиб юборилгани маълум қилинди.

8 апрель куни «Қипчоқ» бекатидан «Олмазор» бекати томон ҳаракатланган метро поезди ер усти йўлида тўхтаб қолди. Йўловчилар 15 дақиқа ҳаракат тикланишини кутишган, аммо ўзгариш бўлмагач, одамлар вагонлардан тушиб кейинги бекатгача пиёда боришган. Бекатлар орасида ҳаракат 6 соат давомида тўхтаб қолган.

9 апрель куни «Пушкин» ва «Буюк ипак йўли» бекатлари оралиғида поезд вагон эшиклари очиқ ҳаракатлангани видеоси тарқалди. Метро маъмурияти ҳодиса учун узр сўради.

12 апрель куни Сергели йўналишининг «3-Бекат» станциясидаги вақтни кўрсатувчи соат таблосида ножўя сўзлар ёзилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» таблодаги ёзув ҳакерлар иши эканини маълум қилди.

28 апрель куни Чилонзор йўли бўйлаб ҳаракатланаётган поезд вагони туннел ичида тўхтаб қолгани, ижтимоий тармоқларда йўловчилар «Новза» бекатигача пиёда кетаётгани акс этган видео ва фотолар тарқалди. Метродаги носозлик туфайли шаҳар жамоат транспортида юқори даражадаги тирбандлик юзага келганди.

7 май куни соат 21:10дан 22:00гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолди.

13 май куни «Амир Темур хиёбони» бекатида барча йўловчилар тушириб юборилди. Раҳбарият ҳолатни Чилонзор йўналишида техник-профилактика ишлари олиб борилгани билан изоҳлади.

24 май куни тонгда поезд «Ҳамид Олимжон» бекатида тўхтаб қолган. Расмий изоҳда машинист поездда носозликни аниқлагани учун таркибни тўхтатгани айтилган.

11 июнь куни интернетда «Космонавтлар» бекатида йўловчилар поезддан тушириб юборилгани видеоси тарқалди. Раҳбарият буни метро вагонида шубҳали буюм қолдириб кетилгани билан изоҳлаган.

20 июнь куни соат 22:10да «Олмазор» бекатидан «1-бекат» томон ҳаракатланган поездда яна кўнгилсизлик содир бўлган. Телеграмда тарқалган видеода йўловчилар ваҳимага тушиб бақираётгани, поезд тўхташи билан ундан шошиб тушишаётгани, шунингдек, йўловчилар эшиги очилмай қолган вагонлардан бирининг ойнасини синдиришга уринаётгани акс этган. Метрополитен маъмурияти айнан қандай кўнгилсизлик рўй бергани, вагон эшиклари нима учун очилмай қолганига ойдинлик киритмаган. Расмий хабарда хавфсизликни таминлаш мақсадида йўловчилар Олмазор бекатида туширилгани, носозликни аниқлаш мақсадида таркиб депога жўнатилгани қайд этилди.

Метродаги кўнгилсизликлар ҳақида ким қандай фикрда?

Юқоридагилар фақат йўловчилар гувоҳ бўлган ва интернетга сизиб чиққан ҳолатлар. Рўй бераётган ҳодисалар интернет фойдаланувчиларида носозликлар кўлами бундан ҳам кенг бўлиши мумкинлиги, Тошкент метрополитени бундан буён хавфсиз транспорт эмаслиги ҳақидаги хавотирларни юзага келтирмоқда.

«Ҳар доимгидек стандартларга, технологияларга риоя этмаслик, муддатидан олдин топшириш, «ура-ура» билан тез-тез битириш, кечаси-ю кундузи мажлисбозлик қилиш натижаси – бу. Яна ЎТЙдагилар бундай ҳолатни биз билар эдик, шундай бўлишини кутган эдик, лекин муддатидан сал олдин бўлиб қолди деб изоҳ бериб қўя қолади», деб ёзади Анортой Шоазимов.

«Эҳ, шарманда қилиб бўлишди. Тегишли ташкилот вакилларига чора кўрилмагунча [вазият] ўнгланмайди шекилли», дейди Дилшод Темиров.

«Тошкент метроси экстремал жой бўлиб қолди. Жуда-жуда хавфли жой бўлиб қолди!» дея ёзғиради Абдумалик Маҳмудов.

Даврон Асадуллаев эса метро очилганига неча йиллар бўлганини, шу пайтга қадар биронта тўхташ ёки авария ҳолатини эшитмагани, нега шу 1 йил мобайнида метро билан муаммолар бўлаётганини ҳеч тушуна олмаётганини таъкидлайди.

«Метрога тушганда бугун бизни нима кутаркан, деб тушамиз шекилли», дея ўз хавотирларини билдирган Заҳро Закирова.

«Эски метрони ҳақиқий мутахассислар қургани учун 45 йилдан бери бирор кўнгилсиз воқеа юз бермаганди. Ҳозир метрони ҳам, биноларни ҳам, кўприк ва тўғонларни ҳам арзон ишчи кучи – мардикорлар қуришяпти. Авваллари ҳар бир соҳа бўйича мутахассислар тайёрланар эди. Бўёқчи чилангарлик ёки сартарош қурувчилик қилмасди», дея таъкидлайди Дилором Азизова.

«Ривожланган мамлакатларда метро иншоотларининг эксплуатацияси юз йилларга етади. Бизнинг мамлакатда эса бир неча йилга қолмасдан халқнинг ҳаётини хавф остига қўйиб ишдан чиқмоқда. Буларнинг сабаби аён ҳаммага: чаласавод мутахассислар ва ўғрилик. Қачонгача бу давом этаркин? Ҳеч бўлмаса қўлидан келмаслигини тан олиб, бошқа мамлакатлардан мутахассис ёлласа бўлади-ку бундай стратегик объектларга. Эсиз, халқнинг пешона терисидан тўпланган солиқ ва тўловлар эвазига тўлдирилган давлат бюджети...», деб ёзади Каромат Ибрагимова.

«Ахир 83 млн доллар кичкина сармоя эмас, шуни одамга ўхшаб, халқаро тендер эълон қилиб, бирор тажрибаси бор, замон талабига мос келадиган қилиб қурадиганларга топширилса бўлмасмиди?! Майли 1-2 сўм қимматроққа тушар, ҳар ҳолда ҳозиргига ўхшаб ҳар икки ойда бузиладиган метро бўлмас эди», дейди Жасур Абдураҳмонов.

«Бу пулга [83 млн долларга] Элон Маск Hyperloop қуриб берарди», деб ёзган Саидаброр Абдурашидов.

«Метро қурилишига халқнинг, давлатнинг қанча пули сарфланмоқда. Афсусланарли ва жуда аламли бу. Давлат назорати қаерда қолди? Қонунлар қачон ҳақиқатда ишлай бошлайди?» дея куюнади Рустам Шоҳназаров.

«Бизда қурилишниям, ҳамма соҳада қилинаётган ишларнинг сифати паст. Шу камчиликларга йўл қўйган одамлар жазоланмайди, кечирим билан қутулади. Бунақада ўзгариш қилиб бўлмайди. Бу инсонлар ўз хатоси туфайли бошқалар ҳаётини хавфга қўйиши биринчи марта бўлса, иккинчиси, бюджет пулларини совуришяпти. Шунақа айб билан кечирим сўраб қутулиш мантиққа тўғри келадими?!» дейди Хурсаной Охунжонова.

Қачонгача узр билан кифояланиш мумкин?

Ҳар сафар метро билан боғлиқ кўнгилсизликлар бўйича расмий муносабат билдираркан, «Тошкент метрополитени» УК ёки «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ юзага келган ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўраш билан кифояланади. Ҳатто ҳеч қандай узр сўралмаган, аксинча расмий муносабатда барча айбни йўловчиларга юклашга, ОАВ ва интернет фойдаланувчиларини ёлғон ахборот тарқатишда айблашга уринилган ҳолатлар ҳам бор.

Одатда, метрода юз берадиган фавқулодда ҳолатлар «техник-носозлик рўй бергани» билан изоҳланади. Нари борса, ҳодиса юзасидан хизмат текшируви тайинлангани, вазиятга ойдинлик киритиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилгани айтилади. Бироқ хабарларнинг изи совиши билан «техник-носозлик»ка нима сабаб бўлгани, келгусида бундай воқеалар такрорланмаслиги учун нималар қилингани ҳақида аксар ҳолларда расмий маълумот берилмайди.

Шунингдек, юзага келган носозликлар бўйича тайинланган хизмат текширувлари натижалари ҳам кўп ҳолларда жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Фақатгина 9 апрель куни «Пушкин» ва «Буюк ипак йўли» бекатлари оралиғида вагон эшиги ёпилмаган ҳолда ҳаракатланган поезд машинисти, таркибнинг электр-чилангари ва катта устаси ишдан бўшатилгани, шунингдек, хизмат текшируви натижасида электродепо бошлиғининг таркибларни таъмирлаш бўйича ўринбосарига маошининг 40 фоизи миқдорида жарима тайинлангани очиқланган, холос.

18 март (поезд «техник сабабларга кўра» туннелда тўхтаб қолган), 7 апрель (поезд «Ғофур Ғулом» бекатида техник сабабларга кўра тўхтатилиб, йўловчилар бошқа поездга ўтказилган), 8 апрель (поезд «техник муаммо» сабабли ер усти йўлида тўхтаб қолган), 24 май (поезд «техник сабабларга кўра» метронинг «Ҳамид Олимжон» бекатида тўхтаб қолган) кунлари рўй берган аварияларга нима сабаб бўлгани айтилгани йўқ.

20 июнда рўй берган ҳолат ҳали янги экани, носозлик сабабларини аниқлаш муайян вақт талаб қилгани учун бу ҳодисани рўйхатга тиркаганимиз йўқ. Бироқ метро маъмурияти 13 май куни Чилонзор йўналишида техник-профилактика ишлари нима учун айнан кундуз куни, йўловчилар оқими тиғиз пайтда олиб борилганига ҳам ойдинлик киритиши керак, назаримизда. Қолаверса, 18 мартдаги ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари терговга қадар суриштирув ўтказаётгани маълум қилинган эса-да, жамоатчилик шу пайтгача суриштирув натижасидан бехабар қолмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг расмий муносабатида ҳам Тошкент метрополитенидаги воқеалар «хизмат кўрсатувчининг ўз мажбуриятларини бажармаётганидан далолат бераётгани» таъкидлаб ўтилади. Қўмита «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра «Тошкент метрополитени» шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, йўловчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул эканини эслатган.

Саволлар, эътирозлар жуда кўп. Вазиятни осонгина узр сўраш билан хаспўшлаш, ҳар сафар сувдан қуруқ чиқиб кетавериш жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларини юзага келтирмоқда. Бундай вазиятда назорат органлари – Транспорт прокуратураси, Транспорт вазирлиги жиловни қўлга олиши, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашлари шарт.

Ғалати баёнот

16 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент метрополитени раҳбари Ойбек Худойқулов журналистларнинг саволига жавобан Сергели йўналишида юз берган «техник муаммо» аввалдан кутилганини айтиб ўтган.

«Биз билгандик шунақа бўлишини, шунга тайёргарлик кўргандик. Фақат бир ойдан кейин бошланади деб тургандик. Чунки бу ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат эди. Билардик рельсларнинг узайишини. Темир йўлда ҳам бор бу нарса. Ҳаммасини ҳисобга олиб қўйганмиз, лекин ҳали вақт бор деб ўйлагандик. Ҳарорат 20 градус бўлгани учун ҳали бор деб ўйлагандик, шундай ҳолат юз бериб қолди», – дея Ойбек Худойқуловнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Ғалати баёнот, шундай эмасми?! Авария содир бўлиши олдиндан маълум бўлганмиш-у, аммо ушбу ҳодиса кутилганидан аввалроқ рўй бериб қолганмиш. Масъуллар бундай баёнотлардан уялишлари керак.

Хўп, шундай ҳолат юз беришини олдиндан билишган ҳам дейлик. Бунинг олдини олиш учун албатта фавқулодда ҳолат ёки фожиа юз бериши шартми? Яхшиямки, шунча кўнгилсизлик рўй берса ҳам қурбонлар бўлгани йўқ. Тизимда ниманидир ўзгартириш учун кимдир қурбон бўлишини кутиш шарт эмас-ку!

Янги раҳбар вазиятни ўнглай оладими?

12 июнь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Тошкент метрополитени раҳбари ўзгарганини эълон қилди. Жамоатчилик буни метродаги кетма-кет кўнгилсиз ҳодисалар ортидан чиқарилган қарор ўлароқ қабул қилди.

Янги раҳбар – Раҳмонбек Усмонов Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган бўлса-да, фаолияти асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида кечган. Усмонов 2011 йилдан 2018 йил апрелига қадар Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилган. Унгача эса Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари, Яккасарой тумани ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари бўлган.

Шаҳар ҳокимлигидан олинганидан сўнг Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Раҳмонов Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов катта миқдордаги пора билан қўлга олингани ортидан 2018 йили 3 октябрида унинг ўрнини эгаллаган эди. 2021 йил бошидан эса транспорт вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Хўш, Усмонов Тошкент метрополитени бошидаги «қора булут»ларни тарқата оладими? Янги раҳбар соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қодирми? Ҳозирча бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Муаммонинг ечими борми?

Тошкент метрополитенининг 2021 йилгача бўлган 43 йиллик фаолияти давомида сўнгги бир йилдаги каби ҳолатлар кузатилмаганининг сабаблари жуда кўп. Аввало бу кейинги пайтда фуқароларнинг фаоллашгани, ижтимоий тармоқларнинг ривожи, метрополитенда суратга ва видеога олишга рухсат берилгани билан боғлиқ. 2018 йилнинг 1 июнигача метрополитенда тасвирга олиш тақиқда эди ва шу боис ҳам гарчи носозликлар, авариялар юз берган эса-да, бундай ҳолатлар жамоатчиликка маълум бўлмай қолаверган. Бу танганинг бир жиҳати.

Мутахассислар кетма-кет содир бўлаётган кўнгилсизликлар метрополитен фаолиятида ишлатилаётган жиҳозлар эскираётгани, эҳтиёт қисмлар тез ишдан чиқаётгани билан ҳам боғлиқлигини айтишяпти. Харажатлар учун ажратилаётган пул етмаётгани, балки керакли манзилигача етиб бормаётгани, «Тошкент метрополитени» УК молиявий мустақил эмаслиги, ўзини ўзи қоплай олмаслиги, давлат томонидан ажратиладиган дотацияга қарамлиги учун керак пайтда лозим эҳтиёт қисмларни ололмаётгани ҳам муаммоларга сабаб бўлаётгани эҳтимолдан холи эмас.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида йўловчилардан тушган маблағ 31,5 млрд сўмни ташкил этган. Метрода ҳафтанинг душанба–жума кунларида бир кунда 330 минггача йўловчи ташилади. Дам олиш кунлари йўловчилар нисбатан камаяди: 140–150 мингга тушади. Бир ойда йўловчилардан тушган маблағ 10,5 млрд сўм бўлади ва шундан 8,5 млрд сўм тизимда фаолият юритаётган 4200 нафар ходимга ойлик сифатида берилади. 3 млрд сўмдан ортиқроқ маблағ электр энергиясига сарфланади.

«Метро ўзини ўзи қопламаслиги сир эмас. Шунинг учун ҳар йил якунида кейинги йил харажатлари учун сарфланиши кўзда тутилган маблағни тахминан ҳисоблаб, Молия вазирлигига маълум қиламиз. Жумладан, 2021 йил харажатлари учун бизга давлат томонидан 45 млрд сўм маблағ ажратилган. Тан олишимиз керак, топаётган пулимиз ўзимизнинг харажатларимизга етмайди. Бунинг олдини олиш мақсадида йўлкира нархларини кўтариш ҳақида ҳам таклиф киритганмиз. Лекин давлат раҳбари бунга йўл қўймасдан керакли маблағ давлат томонидан субсидия қилиб берилиши ҳақида топшириқ берган», деган эди «Тошкент метрополитени» УК собиқ раҳбари Ойбек Худойқулов.

Бизнингча, метро харажатларини дотация шаклида бюджетдан қоплаш – муаммонинг ечими эмас. Қолаверса, тизимда ҳаддан зиёд марказлашган бошқарув мавжудлиги, харажатлар шаффоф эмаслиги, кадрлар қўнимсизлиги билан боғлиқ муаммолар ҳам йиғилиб қолган. Буларнинг барчасини ҳал қилиш учун «Тошкент метрополитени» УК молиявий мустақил бўлиши, харажатларини ўзи қоплаши баробарида даромад ҳам топа олиши, бунинг учун эса соҳага бозор механизмлари жорий қилиниши керак, тушумлар «туя» қилинишининг олдини олиш учун эса кирим-чиқим ҳисоботлари жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши лозим.

Бундан ташқари, соҳага метрополитен муаммоларини ичидан биладиган, соҳанинг ўзидан чиққан мутахассис раҳбарлик қилиши шарт, турли сабабларга кўра тизимни тарк этиб кетган малакали мутахассислар ишга қайтарилиши ҳам кўнгилсизликларга барҳам бериш воситаси бўлиши мумкин.

Албатта, техноген авариялар, носозликлар транспорт соҳасининг ажралмас бир қисми. Бошқа давлатлардаги метрополитен фаолиятида ҳам бундай ҳолатлар учраб туради. Шу боис, буни тўғри тушуниш ва қабул қилиш мумкин. Бироқ кўнгилсизликлар борган сари тез-тез содир бўлаётган экан, буни жиддий сигнал сифатида қабул қилиш керак. Йўқса, бунинг пушаймони аччиқ бўлиши шубҳасиз.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид