Ўзбекистон | 22:13 / 20.10.2018
30644
2 дақиқада ўқилади

Олтинкўл туманига янги ҳоким тайинланди

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Халқ депутатлари Олтинкўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ Андижон вилояти ҳокими қарорига асосан, Олтинкўл туман ҳокими Бахтимурод Исмоилович Каримов ўрнига Ўринбоев Назиржон Алиевич туман ҳокими лавозимига тайинланди. Бахтимурод Каримов Олтинкўл туманини 2016 йилнинг 1 декабридан буён бошқариб келаётганди. 

Ўринбоев Назиржон Алиевич

Назиржон Ўринбоев 1989 йил Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган. 2014-2017 йиллар давомида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 2017 йилдан бугунга қадар Андижон вилояти Давлат техника назорати инспекцияси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

14 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-терими масаласига бағишланган селектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда шу масалада сусткашликка йўл қўйган ҳокимлар, мансабдорлар қаттиқ танқид қилинганди.

Селекторда 100дан ортиқ раҳбар шахсларга (туман ҳокимлари, прокурорлари, ИИБ бошлиқлари ва ДСИ бошлиқлари) пахта сабаб интизомий чоралар қўллангани (уларнинг бир қисми ишдан олинган, бир қисмига ҳайфсан берилган ёки икки ойлик маошидан маҳрум этилгани ҳақида хабар қилинганди.

Шунингдек, бош вазир селектор вақтида вилоятлар ҳокимларига республика бўйлаб 10 ҳокимни ишдан бўшатиш бўйича тақдимномалар киритиш ҳақида топшириқ берган.Шундан сўнг Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани ҳокими ишдан олинган, Урганч туманида ҳоким алмашган, Андижон вилоятида эса Олтинкўл тумани ҳокими ишдан кетгани маълум бўлди. Бундан ташқари, Ангрен шаҳри ҳокими ишдан олинди, Гулистон тумани ҳокими ўзгарди.

Мавзуга оид