Ўзбекистон | 19:24 / 17.07.2021
24497
9 дақиқада ўқилади

Тошкент конференцияси – Ўзбекистоннинг икки минтақага чақириғи

Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг юқори мартабали мулозимлари ҳамда халқаро сиёсатдаги бошқа кўплаб доиралар расмийлари 16 июл куни Тошкент конференциясига йиғилди.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида икки қўшни минтақа ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 10дан ортиқ таклифларни илгари сурди ва шу куннинг ўзида 14та делегация раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Конференцияда Марказий, Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатлари, араб давлатлари, Туркия, АҚШ, Россия ва Евроиттифоқ расмийлари ҳамда қатор халқаро тузилмалар мулозимлари иштирок этди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон бош вазири Имрон Хон ва Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррел шулар жумласидан.

Ташриф буюрганлар нафақат мезбон мамлакат расмийлари билан, балки ўзаро икки томонлама учрашувларни ҳам ўтказишди.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон конференция давомидаги барча нутқлар ва мавзулашган сессияларда минтақавий ҳамкорларига ўз чақириғини очиқ билдирди: Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириши лозим, ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларни рўёбга чиқаришдан барча манфаатдор.

Тарихан икки минтақани боғловчи кўприк вазифасини бажариб келган, бироқ охирги ўн йилларда улар ўртасида тўсиқ-деворга айланиб қолган Афғонистон муаммоси – конференциянинг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонни тарк этиши ортидан “Толибон” ҳаракатининг фаоллашганига қарамай, расмий Тошкент савдо-иқтисодий лойиҳаларни афғон диёридаги тинчлик жараёнлари билан параллел равишда давом эттириш зарур, деб ҳисобламоқда.

Ўзбекистон позициясига кўра, Афғонистонда тинчликка эришиш фақат музокаралар йўли билан бўлади, бунда афғон жамиятидаги бўғинлар ўзаро консенсусга кела олиши лозим.

Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон етакчиси энг аввало Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи самарали ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасига эҳтиёж катталигини айтди.

“Бунда “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши керак”,деди Мирзиёев.

Маълумот учун, мазкур темир йўлни қуриш бўйича “йўл харитаси” шу йил февралда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон томонидан тасдиқланган эди.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Президент, шунингдек, қуйидаги йўналишларда ўз таклифларини илгари сурди:

  • Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо, транзит ва чегаралардан ўтиш жараёнларини рақамлаштириш;
  • икки минтақадаги озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича дастур қабул қилиш;
  • икки минтақанинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;
  • “яшил” иқтисодиётни рағбатлантириш;
  • хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш.

Шавкат Мирзиёев икки қўшни минтақа ўртасида иқтисодий ҳамкорлик битимини тузиш ва ҳар йили минтақалараро форум ўтказиб боришни ҳам таклиф этди.

Бундан ташқари, илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Қандай баёнотлар янгради?

Анжуман давомида Ўзбекистон президентидан ташқари, Афғонистон ва Покистон етакчиларининг баёнотлари ҳам кўпчиликнинг диққат марказида бўлди. Хусусан, Покистон бош вазири Имрон Хон толибларни музокаралар столига жалб қилишда ҳеч ким Покистон каби катта рол ўйнамаганини айтди.

“Покистон толибларни музокараларни бошлаш ва афғон муаммосига тинч ечим топишга кўндириш учун барча воситаларни ишга солди. Афғонистонда бўлаётган воқеаларда Покистонни айблаш жуда ҳам адолатсизлик бўлади”,деди у.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Имрон Хон Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Покистоннинг муаммодаги салбий ролини эслатганига муносабат билдирди.

“[Ундан кўра], президент Ғани Афғонистондаги можародан энг кўп жабр кўрган мамлакат – Покистон ҳақида гапирсин. Сўнгги 15 йилда Покистонда 70 минг киши ҳалок бўлди. Покистон янги-янги можароларни хоҳламайди. Иқтисодиётимиз энди оғир даврдан чиқиб келмоқда. Мен учун Афғонистондаги воқеаларда Покистон айбланишини эшитиш жуда оғир”, деди Покистон бош вазири.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Ашраф Ғани ҳам “Толибон” билан музокара ўтказиш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини билдирди.

“Биз баҳсли масалаларни тегишли тарзда ҳал қилиш ва уруш таҳдидини олиб ташлаш учун “Толибон”ни Афғонистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга чақирамиз”, – деди у.

Бироқ, Афғонистон президентининг айтишича, “Толибон” таклиф қилган ягона вариант – ё улар томонга ўтиш, ёки таслим бўлиш.

Ашраф Ғанига кўра, аҳоли расмий ҳукуматнинг қуролли кучларини қўллаб-қувватламоқда ва армия сафларига кўнгиллиларни ёллаш ўсиб бормоқда; бироқ қийинчиликлар ҳам йўқ эмас, биринчи катта қийинчилик – коронавируснинг учинчи тўлқини.

Фото: Анвар Илёсов / "Дунё" АА

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Ғарб коалицияси кучлари Афғонистондан чиқиб кетгач ҳам турк ҳарбийлари Кобулда қолишини маълум қилди.

“Расмий Анқара биродар афғон халқи манфаатлари учун Кобулдаги халқаро аэропортнинг хавфсизлигини таъминлаш ва бошқариш тайёр», – деди Човушўғли.

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Афғонистондаги вазият қўшни давлатларга реал хавф туғдираётганига урғу берди.

“Вазият террористик хавф ҳамда катта миқдордаги наркотик моддалар савдосига замин яратяпти. Бу давлатдаги нотинчлик қўшни давлатларга тарқалиши хавфи бор.

[...] Россия Афғонистонда ёвлашаётган томонларнинг сулҳга эришиши тарафдори эканини яна бир бор таъкидлайман. Фақат халқаро ҳамкорлар кўмагидаги тўғридан тўғри музокараларгина масаланинг ечими бўла олади”, – деди Лавров.

Фото: Kun.uz

АҚШнинг Афғонистон масалалари бўйича махсус элчиси Залмай Халилзод АҚШ Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар учун 1 трлн доллардан ортиқ харажат қилгани, катта қурбонлар берилгани, бироқ бугунги кунда Афғонистоннинг катта қисми “Толибон” назоратига ўтгани Американинг барча саъй-ҳаракатларини йўққа чиқариб қўяётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

“20 йил олдинги Афғонистон ва бугунги Афғонистон фарқ қилади. Ҳар сафар Кобулга борганимда буни ҳис қиламан. Ўтган давр давомида Афғонистонда давлат бошқаруви шаклланди, демократик институтлар фаолияти йўлга қўйилди. “Ал-Қоида” ташкилоти йўқ қилинди.

Толиблар билан музокаралар давомида улар қўшни давлатларга ҳужум қилмаслик, Афғонистон ҳудудини АҚШ ва унинг иттифоқдошларига қарши курашувчи майдонга айлантирмасликка сўз бердилар”, – деди америкалик дипломат.

Марказий Осиё лидерлари яна йиғилиши ҳам аниқ бўлди

Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Шу куни Шавкат Мирзиёев ўндан ортиқ делегатлар, хусусан, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Учрашув ҳақидаги расмий хабардан маълум бўлишича, Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви 6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий туризм зонасида ўтказилади.

Анжуманнинг бир қисми сифатида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти тантанали равишда очилганини қайд этиш ўринли. Шунингдек, анжуман иштирокчилари – ташқи ишлар вазирлигининг қўшма баёноти ҳам қабул қилинди.

Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Қўшимча қилиш лозим, конференция доирасида Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон ва Покистон Афғонистон муаммоси бўйича ўзаро маслаҳатлашувлар учун янги дипломатик платформа тузишга келишиб олди.

“Самарали халқаро савдо йўналишларини янада ривожлантириш учун тарихий имкониятни англаган ҳолда томонлар савдони кенгайтириш, транзит йўлларни яратиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилишга умид қилмоқда”, – дейилади тегишли расмий релизда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, икки минтақани қайта боғлаш бўйича Тошкент конференцияси муваффақиятли ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий мавқейига ижобий таъсир қилиши шубҳасиз. Шу билан бирга, бу сиёсий анжуман Афғонистондаги вазият кескинлашган бир пайтга тўғри келгани унинг натижалари ҳақида гапиришда эҳтиёткор бўлишга ундайди.

Комрон Чегабоев

Мавзуга оид