Ўзбекистон | 08:40
5183
17 дақиқада ўқилади

Қарз лақабли пора, ИИБдаги “план” ва Синдоровнинг рекорди — ҳафта дайжести

Андижон ҳокимининг яна бир ўринбосари қўлга тушди: унинг гаплари “тажрибали” эканидан даракми? Жиззахда ясама жиноятлар серияси: судялар нега терговчилардан шубҳада? P2P ўтказмалар яна кун тартибида: жамоатчилик хавотирлари инобатга олинадими? Ортда қолаётган ҳафтанинг айрим муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

“Бу қарз дейилади, биласиз-а?”

Ҳафта – ҳокимликларда коррупция авж олгани ҳақидаги муҳокамалар билан бошланди: душанба куни Андижон вилояти ҳокимининг яна бир ўринбосари қўлга тушгани маълум бўлди. Ҳокимнинг туризм ва маданият масалалари бўйича ўринбосари Исомиддин Исманов 4 апрел куни 50 минг доллар пулни ўз уйида олган пайтида ушланган. ДХХ эълон қилган кадрларда у соққани санаб бўлгач, бу борада тажрибаси катта одамдек хотиржам луқма ташлаб, олди-бердини “қарз” деб атаганини кўриш мумкин:

Тадбиркор: 50 минг ўтди-а, ака?

Ҳоким ўринбосари: Бу қарз дейилади, биласиз-а? Шунақа нарсаси бор.

Тадбиркор: Мен сизга бердим, ака.

Ҳоким ўринбосари: Йўқ, шунақа дейилади.

Тадбиркор: Ҳужжатини “чотки” қилиб, менинг номимга чиқартириб берсангиз бўлди.

Видеодан кўринишича, амалдор 5 даста долларни олгач, уни уйининг ётоқхонасидаги кийим шкафига қўйган. Кўп ўтмай, жиноят фош этилганидан кейинги дастлабки процессуал ҳаракатлар ҳам шу хонада бўлиб ўтган. Исомиддин Исманов бу пулларни Бобур шаҳарчасидаги 20 сотих ерни тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилиб олгани айтиляпти.

Эътиборлиси, Исманов ҳокимликда иш бошлаганига эндигина 4 ой бўлганди. У бундан аввал ички ишлар тизимида ишлаган, 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган. 2021 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.

Бу – охирги йилларда Андижон раҳбариятида рўй берган коррупцион жиноятларнинг биринчиси эмас. 2024 йил кузида вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Ботиржон Ҳамроев ўттизга яқин фигурантни ўз ичига олган коррупцион схема доирасида давлат мулкини талон-торож қилиш айби билан 7 йилга қамалган эди. Амалда эса, 2026 йил январидаёқ зарарни қоплагани важи билан жазо ўзгартирилган ва у озодликка чиққан.

Сўнгги кунларда яна бир ҳоким ўринбосари устидан суд ҳукми ўқилди. Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Умиджон Холиқов товламачилик ва фирибгарлик жиноятларида айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Суд ҳужжатларига кўра, у лавозимга ўтирганидан кейин атиги 2 ой ўтиб 10 минг доллар олган; орадан 3 ой ўтиб яна 10 минг доллар олаётган пайтда қўлга тушган.

“200 та протоколимиз қолди, чиқ ҳамманг кўчага!”

Ички ишлар тизимида расмийлар “ҳеч қанақа план йўқ” деб такрор-такрор ишонтиришга урингани билан, бу баёнотларни шубҳа остига қўядиган ҳолатлар ҳамон рўй бермоқда. Kun.uz'га Тошкент шаҳри Олмазор тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Аброр Худойбердиевнинг Telegram'даги аудио ва видеолари келиб тушди. У қўл остидаги профилактика инспекторларига мурожаат қилиб, уларга кўчадан дайди топишни ва маъмурий баённома расмийлаштиришни буюрган:

“Протоколлар ҳамма нарсада нол бўлиб ётибди: мажбурий даволашга жойлаштиришинг нол, дайди нол, маъмурий баённома нол, маъмурий назорат нол!

Нима, ўзларингдан кетиб қолганмисанлар, виждонсиз! Қани биттанг дайди қилма-чи! Ўзингни дайди қилиб олиб бориб ёп, қариндошингни олиб бориб ёп дайди қилиб! Ўзинг дайди бўласан!”

Худойбердиев кейинроқ Telegram-гуруҳга видео ҳам юбориб, ҳисоб-китоб они яқинлашаётганини айтиб ҳаммани шоширган:

“1 соат вақтимиз қолди. 22:00 да ҳисоб-китоб бўлади. Мен боришни хоҳламайман! “Давай”, ҳозир “газлаймиз”, 300 тага чиқди, 200 та протоколимиз қолди, чиқ ҳамманг кўчага!”

Тошкент шаҳар ИИББ душанба кунги изоҳида ходимлар зиммасида “план” деган мажбурият асло йўқлигини таъкидлади. Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов эса шанба кунги матбуот анжуманида Аброр Худойбердиев лавозимидан олинганини маълум қилди.

Ҳақиқий жиноятчилар четда қолиб...

Ҳафта давомида Kun.uz эълон қилган бошқа бир суриштирув ҳам ички ишлар тизимида кечаётган кўздан панадаги воқеликларни очиб беради. Маълум бўлишича, Жиззах вилоятида бир томондан ички ишлар ва прокуратура, иккинчи томондан фуқаро манфаатини ҳимоя қилган одил судлар ўртасида ноодатий қарама-қаршилик юзага келган.

Тасаввур қилинг, каттагина томорқага эга ҳовлингиз бор, ихтиёрингиздаги ер майдони жами 21 сотих. Лекин ана шу 21 сотихнинг ернинг фақат 6 сотихига нисбатан расман мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқингиз бор. Кунлардан бир кун турмуш ўртоғингизни даволатиш учун ҳовлини томорқасига қўшиб сотишга қарор қилдингиз ва бу ҳақда Olx'га эълон бердингиз. Харидор сифатида телефон қилганлардан бири билан келишувга эришасиз ва не ажабки, ундан пулни олган вақтингизда, ички ишлар ходимлари пайдо бўлиб, қўлингизга кишан тақади. Ҳеч нарсани тушунмай турган пайтингизда, ҳалиги қўштирноқ ичидаги “харидор”: “Ҳужжати йўқ ерни танишлари орқали расмийлаштириб беришини айтди” дея ёлғон кўрсатма беради. Унинг кўрсатмасига асосан аввалига ички ишлар, кейин прокуратура сизга қарши “ўзига тегишли бўлмаган ерни сотишга уринди” деган айблов эълон қилади.

Худди шундай ҳолат Жиззах вилояти Бахмал туманида рўй берган. Хайриятки, уй эгасининг бахтига, жиноят ишининг ясама экани одил судда фош бўлган. Аввало, айблов томони ўзи тиқиштираётган туҳматларга далил келтиролмаган. Иккинчидан, ҳалиги қўштирноқ ичидаги сохта “харидор” аввал ҳам камида учта ҳолатда бўш турган ерини сотаётган одамларни худди шу сценарий асосида жавобгар қилдиргани маълум бўлади. Боз устига, у ҳар сафар ИИБга ариза берганида, унинг иши билан айнан битта тезкор ходим шуғулланган.

Шу ва бошқа асослардан келиб чиқиб, Янгиобод туман суди уй эгасини айбсиз деб топган. Сохта харидор ролини ўйнаб берган Бунёд Маҳкамов исмли шахс ва ИИБнинг катта тезкор вакили Б.Болтаев ўртасидаги шубҳали ҳамкорлик эса, шундоқлигича қолиб кетавериши мумкин эмасди: шундан келиб чиқиб, суд прокуратурага бу ҳақда хабар берган. Лекин буни қарангки, прокуратура бу жиноят иши ясама эканини тан олмасдан, суд қарорига протест киритган. Бу ўринда вилоят суди прокуратура протестини рад этиб, янада қатъийроқ позицияни эгаллагани олқишга сазовор. Хусусан, апелляция инстанцияси ўз ажримида аниқ-тиниқ қилиб шундай ёзган: “Ҳақиқий жиноятчилар четда қолиб, қўштирноқ ичидаги харидорлар тўрига тушаётган содда инсонлар жиноий жавобгарликка тортилмоқда”.

Жиззахдаги ясама жиноят муаллифлари жавобгарликка тортилганми-йўқми, буниси ҳали маълум эмас. Лекин куни кеча ҳақиқий жиноятчилар четда қолиб, бир жувонни бадном қилишга бел боғлаган Фарғонадаги ходимлар номи яна медиамаконда кўриниш берди. Гап – Фурқат тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расулов ҳақида кетяпти. Улар мактаб директори Гулираъно Қосимовага нисбатан содир этган жиноят Андижон вилоят суди кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. Эслатиб ўтамиз, Хўжаев ва Расулов турар жой дахлсизлигини бузиш, шахсий ҳаётга оид маълумотларни ошкор қилиш, мансаб ваколатидан четга чиқиш, тезкор-қидирув материалларини сохталаштириш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш каби жиноятлар учун 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Тизим ўзгариши айтилди

Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти “жазоловчи тизим” бўлиб қолиши керак эмас. Чоршанба куни президент ҳузуридаги йиғилишда айни шунга урғу берилди. Йиғилишда вазир Азиз Тошпўлатов ходимларнинг самарадорлик кўрсаткичларини “жазоловчи тизимдан – аҳолига хизмат кўрсатувчи тизимга” тамойили асосида ўзгартириш бўйича таклифларни илгари сурди.

Вазирнинг айтишича, маҳаллалардаги профилактика инспекторларига буйруқ берадиганлар кўпайиб кетган, оқибатда маҳалла хавфсизлиги ва жиноятлар профилактикасига етарлича эътибор қаратилмаяпти. Шу сабабли профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос қилиш кўзда тутиляпти. Шунингдек, ҳар кунлик йўриқномаларни онлайн шаклда ўтказиш, “Менинг инспекторим” платформаси орқали ходимлар фаолиятини рақамлаштириш, суд-тиббий экспертиза хулосасини электрон шаклда олиш, малака ошириш дарсларини онлайн форматда йўлга қўйиш каби таклифлар илгари сурилди.

Профилактика инспекторлари айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича қарор қабул қилиш ваколатини олиши кутиляпти. 6 та кам аҳамиятли қилмиш учун дарров жаримага тортмасдан, маъмурий огоҳлантириш тартиби жорий этилади. Шу ва бошқа чоралар ходимларнинг югур-югурини камайтириб, энг асосий вазифаси – ҳуқуқбузарликлар профилактикасини яхшироқ уддалашига имкон бериши кутиляпти.

Солиқ қўмитаси P2P назоратига рухсат олдими?

Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов президент ҳузуридаги тақдимотда. / Фото: Президент матбуот хизмати

Жисмоний шахслар ўртасида картадан картага пул ўтказмаларини мониторинг қилиш масаласи ҳамон кун тартибида турибди. Бу борада аввалги йилларда кузатилган ҳар турли уринишлар самара бермагани: аввалига Сенат, кейин янгиланган Конституция ва жамоатчилик қаршилиги билан бу масала кун тартибидан олиб ташлангани – ҳамон кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу сафар айнан қанақа назорат механизми таклиф этилаётгани ҳозирча маълум эмас – 6 апрел куни давлат раҳбари ҳузуридаги йиғилишдан тарқатилган пресс-релизда бу масалага тўла аниқлик киритилмаган.

Хабарда айтилишича, йиғилишда солиқ тушумларини ошириш учун яширин иқтисодиётни қисқартириш кераклиги таъкидланган. Рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб, “ақлли” назорат ўрнатиш ҳисобига бу йил бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Бунинг учун P2P-операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш, рақамли назоратни кучайтириш, юклар ҳужжатсиз ташилаётганини автоматик аниқлаш ва норасмий бандликни расмийлаштириш каби чоралар кўзда тутиляпти.

Davletovuz канали муаллифи йиғилишда Солиқ қўмитаси илгари сурган таклифларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирди. Блогернинг қайд этишича, гарчи тақдимотда солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш кераклиги алоҳида таъкидланган бўлса ҳам, муайян тармоқларда ҚҚС назоратини қуйи бўғинларга тушириш, товарларни маркировкалаш ва транзакциялар мониторинги каби чоралар – инсон омилини кучайтиради, қуйи бўғинда солиқчиларнинг кичик бизнесга босим ўтказиш имкониятларини кенгайтиради, коррупциявий муносабатларни янада кўпайтиради.

“Бу саъй-ҳаракатлар тескари эффект яратиши ҳам мумкин: бюджетга қўшимча 30 трлн туширамиз деб, иқтисодий ўсишга, тадбиркорлик муҳитига салбий таъсир кўрсатиб қўймаслик лозим”, – деди жамоатчилик фаоли.

22 апрелдан “Телеком антифрод” ишга тушади

Банк мижозларини кутаётган янгиликлардан яна бири – банк хизматларидан масофавий фойдаланишга оид. Тез орада банклар ёки тўлов ташкилотларининг иловаларида янги рўйхатдан ўтадиган фойдаланувчилар агар телефон рақами бегона одамнинг номида бўлса, муаммога дуч келади.

22 апрелдан бошлаб кучга кирадиган янги антифрод қоидаларига кўра, илова фойдаланувчисининг телефон рақами ва банк картаси айнан битта шахсга тегишли бўлиши керак. Бу қоида аввалроқ эълон қилинган, шундан бери кўпчилик “22 апрелгача телефон рақамимни ўзимнинг номимга ўтказиб олишим керак” деб ўйлаётган эди. Марказий банк куни кеча баёнот билан чиқиб, бу янги талаб аллақачон рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга тааллуқли бўлмаслигини маълум қилди. Яъни телефон рақами бегона одамнинг номига олинган шахслар ҳам, 22 апрелгача рўйхатдан ўтиб қўйган иловаларидан фойдаланишда давом этаверади. Лекин агар бирорта янги финтех иловаси синаб кўришга қарор қилсангиз, унда бу масала яна кўндаланг туради.

Фақат бир фойдали истисно бор: телефон рақам фойдаланувчининг яқин қариндоши, масалан ота-онаси, опа-синглиси ёки фарзандининг номида бўлса, у ҳолда янги тартиб муаммо келтириб чиқармайди. Бунинг учун MyGov'да “Менинг оилам” бўлимини ҳозирдан текшириб қўйиш фойдадан холи эмас. Агар бирор яқин қариндошингиз рўйхатда бўлмаса, маълумотларни тўғрилаш учун шу бўлимнинг ўзида ариза юбориб қўйиш мумкин.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Фото: FIDE / Niki Riga

Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирида сенсацион рекорд ўрнатди. 20 ёшли шахматчимиз 11-турдан кейин бирор марта ҳам мағлубиятга учрамасдан, 6 та ғалаба ва 5 та дуранг билан мутлақ пешқадамлик қиляпти. Эътиборлиси, ҳозиргача Номзодлар турнирида ҳеч ким 6 марта ғалаба қозона олмаган. Сўнгги учта тур олдидан у 2-ўриндаги Аниш Гири билан орадаги 2 очколик фарқни сақлаб қоляпти. Олдинда Жавоҳирни Ҳикару Накамура, Аниш Гири ва Вэй И билан баҳслар кутяпти. Маълумот учун, Номзодлар турнири жаҳоннинг 8 нафар энг кучли гроссмейстерларини ўзида жамлаган бўлиб, улар ўзаро иккитадан партияда дона суради. Ғолиб 70 минг евро мукофотни қўлга киритади ва шахмат тожи учун амалдаги чемпион Гукеш Доммаражуга қарши ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади. Мақсад – куздан баҳоргача долзарб муаммога айланадиган ҳаво сифатини яхшилаш. Ҳукумат қарори билан, тадбиркорларга кўчиш харажатлари қоплаб бериладиган, кредитлари эса узайтириладиган бўлди. Ихтиёрий тарзда кўчишга рози бўлмаганларни “жазо” кутади: 1 августдан бошлаб улар газдан узилади, кўмир, мазут ёки бошқа нарсаларни ёққан тақдирда жарима 20 баробарга, сув солиғи 5 баробарга оширилади. Табиий иқлим ва иқтисодий шарт-шароитлар туфайли иссиқхона маҳсулотларини Сурхондарёда етиштириш Тошкентдан кўра анча арзонга тушиши айтиляпти. Бунинг учун Шеробод туманида “Сурхон-Агро” номли алоҳида эркин иқтисодий зона ташкил этилмоқда.

Миллий инвестиция жамғармаси IPO ўтказишини эълон қилди. Жамғарма портфели 2,4 млрд долларга баҳоланмоқда. Бир неча бор ўзгаришларга учраган портфелнинг ҳозирги таркиби – давлатга қарашли 13 та йирик корхонанинг 25-40 фоизгача улушларидан иборат. IPO Тошкент ва Лондон фонд биржаларида бўлиб ўтади. Аниқ саналар ва нарх параметрлари кейинроқ эълон қилинади. Акциядор бўлишни истовчи жисмоний шахслар олдиндан брокерлик ҳисобварағини очиб қўйиши тавсия этилади, чунки бирламчи таклиф доирасидаги обуна чекланган вақт давомида очиқ бўлади. Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ташкил этилган Миллий инвестиция жамғармаси ўтган йили дунёга машҳур Franklin Templeton компанияси бошқарувига берилган.

Урганч тумани судининг антиқа қарори – муҳокама марказида. Суд акция доирасида 7 минг сўмдан палов сотган ошхона эгасини ҳуқуқбузар деб ҳисоблаяпти. Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, Урганч туманидаги ошхоналардан бирининг эгаси Шоҳруҳхон Қодиров 2 ва 4 феврал кунлари Хоразм сузма паловини 7 минг сўмдан сотиши ҳақида ижтимоий тармоққа эълон берган. Тадбиркорнинг айтишича, акция тинч ўтган, бирор жанжал ёки тартибсизлик юз бермаган. Шунга қарамай, суд уни “оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузган” деб топиб, 2 млн сўм жаримага тортган. Хўш, тадбиркор қайси ҳуқуқий асосга кўра, қайси ташкилотдан рухсат олиши керак эди? Суд қарорида бу саволга жавоб келтирилмаган.

Сурхондарёдаги яна бир пропан шохобчасида портлаш рўй берди. 7 апрел куни эрталаб Денов тумани Оқтом маҳалласидаги шохобчада “КАМАЗ” русумли пропан ташувчи махсус автособилдан сиғимга газ қуйиш вақтида портлаш содир бўлган. Расмий хабарга кўра, ҳодиса оқибатида 2 киши енгил куйиш жароҳатини олган. Тошкентда эса ўтган якшанба куни “Бешқўрғон” бозоридаги катта ёнғиндан кейин, бозорларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан кучайтирилган рейдлар ўтказилмоқда. Рейдлар доирасида кўплаб бозорларда камчиликлар аниқланиб, улардаги айрим блоклар фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид