Жамият | 09:27 / 07.04.2026
13175
2 дақиқада ўқилади

Деновда газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди

Ҳодиса оқибатида икки киши жароҳатланган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилояти Денов туманида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш ва ёнғин содир бўлди. Ҳодиса жойига қутқарув хизматлари тезкор етиб бориб, ёнғинни ўраб олди, бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Маълум қилинишича, 7 апрел куни соат 08:24 да «112» тизими орқали Оқтом маҳалласидаги газ қуйиш шохобчасида «КАМАЗ» русумли пропан газ ташувчи махсус автомобилдан сиғимга газ қуйиш вақтида чақнаш юз бергани ҳақида хабар келиб тушган.

Қутқарув бўлинмалари ҳодиса жойига соат 08:39 да етиб бориб, ёнғин соат 08:42 да ўраб олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага технологик жараённинг бузилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирда мутасадди идоралар томонидан воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Тўлдириш: Ҳодиса оқибатида 2 нафар фуқаро, шундан бир нафари 10 фоиз, яна бир нафари 3-4 фоиз енгил куйиш тан жароҳати олган. Уларнинг соғлигига хавф йўқ, ҳозирда аҳволи яхши. Ҳалок бўлганлар йўқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид