Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ховос тумани ҳокимининг тезкор тадбирда ушланган собиқ ўринбосари узоқ муддатга қамалди
Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Умиджон Холиқов 8 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди. У ва шериги товламачилик ҳамда фирибгарлик жиноятларида айбли деб топилди.
Фото: Ховос тумани ҳокимлиги
Ховос тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1989 йилда туғилган Умиджон Холиқов 2025 йил 4 апрелдан Ховос тумани ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Унинг шериги – 1985 йилда туғилган Тўрабек Маманазаров эса Сирдарё вилояти инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси Ховос тумани бўлими мутахассиси бўлиб ишлаган.
Умиджон Холиқов ва Тўрабек Маманазаров тил бириктириб, ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилган. Улар 2025 йил июн ойида ҳудуддаги фермер хўжалиги раҳбаридан 452 га ер майдонини келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатларини ҳамда ДХХ томонидан ўтказилаётган текширишни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг доллар олган.
Шундан сўнг судланувчилар ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалик раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғаттириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг доллар талаб қилган.
2025 йил сентябр ойида фермернинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Умиджон Холиқов сўралган пулдан 10 минг долларини Тўрабек Маманазаров орқали олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Умиджон Холиқов ва Тўрабек Маманазаров 2025 йил июл ойида туманда 160 га ер майдонига шоли эккан чет эл фуқаросининг 10 минг доллар пулини ҳам фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Улар экин майдони БААдан келган инвесторларга каннабис ўсимлигини етиштириш учун берилганини, шолини ноқонуний етиштираётганини билдиришган. Сўнгра келгусида мазкур шолини етиштириши учун уларга туман ҳокимлиги номидан экспорт қилиш кўрсаткичини кўтариш мақсадида 10 минг доллар бериши зарурлигини айтишган.
ЖИБ Боёвут туман судининг 2026 йил 22 январдаги ҳукми билан Умиджон Холиқов ва Тўрабек Маманазаров Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди ҳамда 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилган. Уларнинг ҳар иккисига 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, улар 1,5 йилдан ҳокимият тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Судланувчилардан солидар тартибда жабрланувчилар фойдасига 121 млн сўмдан ундириш белгиланган.
Апелляция судининг 2026 йил 2 апрелдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгартирилган. Яъни иш бўйича етказилган зарар қоплангани ҳамда жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги сабабли 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси 8 йил 1 ой муддатга туширилган.
Аввалроқ Умиджон Холиқов тезкор тадбирда қўлга олингани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
16:54 / 13.03.2026
“Фақат “парковка” нархини ошириб, шу тизимни юритиш тарафдори эмасмиз” – ҳоким ўринбосари
21:22 / 28.02.2026
Сурхондарёда ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш топшириғини берган “замҳоким” ишдан олинди
13:35 / 28.02.2026
Сурхондарёда ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш топшириғини “замҳоким” бергани тасдиқланди
10:05 / 03.02.2026