Ўзбекистон | 12:15 / 10.04.2026
12695
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди

Урганч туманида ошхонаси бўлган тадбиркор 2-4 феврал кунлари 7 минг сўмдан палов сотишини айтиб, ижтимоий тармоққа эълон жойлаштирган. Суд унинг бу ҳаракатини оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш деб баҳолади.

Фото: Миллий статистика қўмитаси

Урганч туманида мижоз жалб қилиш учун арзон нархда палов сотган тадбиркор маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд қарорига кўра, Шоҳруҳхон Қодиров туман ҳудудида умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланиб келган. У ижтимоий тармоқда 2026 йил 2 февралдан 4 февралга қадар Хоразм сузма паловини 7 минг сўмдан сотиши ҳақида эълон жойлаштирган.

Суд ҳужжатида тадбиркор “Хоразм сузма паловини ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда 7 минг сўмдан сотиши тўғрисида тегишли тартибда рухсат олмаган”и келтирилган. Бироқ бунинг учун қандай ҳуқуқий асосга кўра қайси ташкилотдан рухсат олиниши кераклиги қайд этилмаган.

Мижоз чақириш учун 2 кун арзон сотдим. 7 минг сўм ичида нон, чой ва салати ҳам бор эди. Бирор жанжал ёки бошқа ҳолат бўлмади. Бундай тадбир қилиш учун бирор ташкилотдан рухсат олиниши кераклигини билмагандим”, дейди Kun.uz’га Шоҳруҳхон Қодиров.

ЖИБ Урганч туман судининг 17 мартдаги қарори билан Шоҳруҳхон Қодиров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-1-моддасида назарда тутилган оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлигини содир қилган деб топилди. Унга БҲМнинг 5 баравари, яъни 2 млн 60 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Аввалроқ Хоразмда ҳайкални ўпган аёл жаримага тортилганди.  

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид