Самарқандда Россия армиясига ёлланган йигит жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмига кўра, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 27 ёшли А.Х. 2023 йил ишлаб пул топиш мақсадида Россияга борган. Сўнгра наркотик моддалар савдосида айбланиб, қўлга олинган ва қамалган. Жазони ўташ даврида Россия қуролли кучлари билан шартнома имзолаб, Украинага қарши урушга боришга рози бўлган.

А.Х. судда наркотик модда савдосида ноҳақ айбланганини, икки ойлик қийноқлардан сўнг айбловни тасдиқлашга мажбур бўлганини айтган.

Таксичилик билан шуғулланиб юрган вақтида машинамга Надежда исмли қиз чиқди. Манзилга олиб кетаётганда гаплашиб кетиб, унинг телефон рақамини олдим. Шундан сўнг Надежда билан ўзаро танишиб, гаплашиб юрдик.

2023 йил тахминан 13 октябр куни Надежда қўнғироқ қилиб, Владивосток шаҳрига олиб бориб келишимни илтимос қилди. Рози бўлиб, унинг олдига бордим. Манзилга қараб йўлга чиқдик. Дўкондан сигарет ва сув сотиб олдим. Тахминан 1-2 км юрганимдан сўнг чекиш мақсадида йўл четига тўхтадим. Надежда билан бирга сигарет чекиб тургандик, фуқаролик кийимидаги икки киши келиб, бизни ерга йиқитишди ва устимизга чиқиб олишди.

Надежданинг чўнтагидан 15 грамм героин олишди. Сўнг ўша героинни менинг ҳам чўнтагимга солиб қўйиб, гўёки ёнимдан наркотик модда топилгани каби видеотасвирга олишди ҳамда ҳужжатларни расмийлаштиришди.

Суд 2023 йил октябрдан 2025 йил март ойига қадар давом этди. Жиноят ишлари бўйича Владивосток шаҳар судининг ҳукми билан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди”, деган А.Х. ўз кўрсатмасида.

Шундан сўнг уни Красноярск шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасига олиб боришган. Жазони ўташ даврида Россия мудофаа вазирлиги масъул ходимлари Украинага қарши урушда иштирок этса, Россия фуқаролиги берилишини ҳамда жазо муддатидан озод этилишини, қолаверса катта миқдорда пул тўланишини ваъда қилишган.

А.Х. 2025 йил 9 декабр куни Украинага қарши урушда иштирок этишга розилик билдирган ва бир йиллик шартнома имзолаган.

Мени ва яна 20 нафар ҳар хил миллатга мансуб шахсларни ҳарбий машинага чиқаришди. 1 сутка йўл юриб, ҳарбий аэропортга бордик. Самолётда учиб, Ростов шаҳрига етиб келдик. У ерда бизни бошқа ҳарбийлар кутиб олишди. Мен ва 65 нафар шахсни ажратиб олиб, ҳарбий машинага чиқаришди ҳамда ҳарбий полигонга олиб боришди.