Россия президенти Владимир Путин 4 июн куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми чоғида бир гуруҳ хорижий журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. 

Форумнинг биринчи кунида Украина дронлари Санкт-Петербург ва Ленинград области бўйлаб зарба берди, натижада Болтиқбўйи минтақасидаги энг йирик нефт терминалларидан бири бўлган Петербург нефт терминалида ёнғин бошланди. Шаҳар узра қора тутун устунлари кўтарилди – бу манзара форум ўтказилаётган ҳудуддан яққол кўриниб турарди.

Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари Россиянинг «Кронштадт денгиз заводи»даги Алексеев докида турган «Бойкий» ҳарбий кемаси аниқ нишонга олинганини маълум қилган. Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда кемада ёнғин рўй бергани акс этган.

Матбуот анжумани чоғида Аssociated Рress агентлиги журналисти Жеймс Жордан Путиндан Санкт-Петербург бўйлаб зарбалар ҳақида сўраш асносида Россия иқтисодиёти сўнгги вақтларда муаммоларни бошдан кечираётгани, президентнинг рейтинги қулаётгани, «АҚШ эса босқинни стратегик фалокат деб атагани»ни (у давлат котиби Марко Рубионинг яқинда берган баёнотини назарда тутган) эслатган.

«Буларнинг барчасини ҳисобга оладиган бўлсак, бутун Донбассни эгаллашга қаратилган ҳарбий мақсадингизга амал қилиш мантиқан тўғри бўладими ёки сиз келишувга боришга тайёрмисиз?» – дея савол қўйган журналист.

Путин Жорданнинг саволини юзда табассум билан тинглаб турди ва бунга жавобан Донбассни назорат остига олиш музокаралар ғоясига зид эмаслигини айтди. Шунингдек, у Украинада Россиядаги каби ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам, зарбдор ракета тизимлари ҳам йўқлигини айтди.

«Ғарбдаги ҳомийлар турли хил, жумладан, узоқ масофали дронларни кўп миқдорда етказиб бермоқда. Афсуски, улардан баъзилари ёриб ўтмоқда, аммо Россияда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мавжуд. Ҳа, биз уни такомиллаштиришимиз керак. Ҳа, биз уни мустаҳкамлашимиз керак ва биз буни амалга оширамиз, аммо Украинада умуман бундай тизим йўқ», – деган Путин.

У «Россия қўшинлари бутун фронт бўйлаб ҳужум қилаётгани», Украина эса «шахсий таркиб етишмовчилиги»ни бошдан кечираётгани ҳақидаги даъволарини яна бир бор такрорлаган:

Россия қўшинлари бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳужум қилмоқда. Украина қуролли кучларида шахсий таркиб бўйича ҳалокатли етишмовчилик юзага келган: ойлик йўқотишлар 40 минг, мажбурий сафарбарлик 15-16 минг киши беради, қаердадир 14 минг киши госпиталлардан қайтарилади. Яъни ҳар ойда минус 10 минг киши. Яна ойига 20 минг киши дезертирлик қилади. Деярли расмий рақамлар: дезертирлик учун 200 минг жиноий иш очилган! Буларнинг барчаси кундалик режимда ҳудудлар бой берилишига олиб келади.

Матбуот анжумани чоғида Путин 24 май куни Украинага «Орешник» баллистик ракетаси билан йўлланган сўнгги зарбалар юзасидан ҳам изоҳ берди.