Украина президенти Володимир Зеленский 23 август куни Франция президенти Эммануэл Макрон билан мулоқотидан сўнг мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш бўйича янги режаларни маълум қилди.

Зеленскийнинг айтишича, Украина Франциядан ПВО учун янги радарлар олишни кутмоқда. Уларни кузда етказиб бериш режалаштирилган.

«РБК-Украина» маълумотига кўра, Киев кузда яна битта SAMP/T зенит-ракета мажмуасини олиши кутилмоқда. Ишлаб чиқариш имкониятларига қараб, Украинага иккинчи шундай тизим ҳам етказиб берилиши мумкин.

Бундан ташқари, Зеленский йил охиригача Украина ҳудудида Франция қуролларининг уч турини ишлаб чиқариш учун лицензиялар олинишига умид қилаётганини билдирди.

Зеленский 600 та PAC-2 ракетаси ҳақида гапирди

Украина раҳбари Германия канцлери Фридрих Мерц билан Patriot зенит-ракета мажмуалари учун PAC-2 туридаги 600 та ракета етказиб бериш масаласида келишувга эришганини ҳам маълум қилди.

Зеленскийга кўра, ушбу ракеталарни 2027–2028 йиллар давомида етказиб бериш режалаштирилган.

Бироқ Германия томонидан ҳозирча бу миқдордаги ракеталар етказиб берилиши расман тасдиқлангани ҳақида хабар берилмаган.

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Киевга ташрифи чоғида мамлакат мудофаа вазири Борис Писториус ва мутахассислар мавжуд захираларни ўрганиб, Украинага қўшимча воситалар бериш имкониятини баҳолаши кераклигини айтди.

Вадефуль, шунингдек, Германия Украинага қўшимча 50 млн евро миқдорида ҳуманитар ёрдам ажратишини маълум қилди. У Киевнинг ҳаво мудофаасини кучайтириш учун қўшимча маблағ ажратилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.

Германия ташқи ишлар вазири иттифоқчиларни Украинага Patriot тизимлари учун қўшимча ракеталар беришга кўндириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлади.

Дания ҳам иттифоқчилар билан музокара олиб бормоқда

Дания бош вазири Метте Фредериксен Киевда Patriot ракеталарини топиш ва Украинага етказиш масаласини «мураккаб сиёсий иш» деб атади.

Унинг сўзларига кўра, Болтиқбўйи ва Скандинавия мамлакатлари раҳбарлари ҳамда Зеленский билан Европа НАТО иттифоқчиларига сиёсий таъсир ўтказиш ва Украина учун қўшимча ракеталар топиш имкониятлари муҳокама қилинган.

Украинада Patriot ракеталари танқислиги айтилмоқда