Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат олдида турган иккита глобал муаммо сифатида Россиянинг баллистик ракеталар билан зарбалари ва мудофаани молиявий таъминлаш масаласини кўрсатди.

Зеленский бу ҳақда 23 август куни Дания, Латвия, Литва, Норвегия, Финландия ва Эстония раҳбарлари Киевга ташриф буюрган бир пайтда маълум қилди.

Украина раҳбарига кўра, мамлакат Европа Иттифоқидан 30 млрд евро маблағ келиб тушишини кутмоқда. Ушбу маблағ ЕИ томонидан икки йилга мўлжалланган 90 млрд евролик кредит дастури доирасида ажратилиши кўзда тутилган.

Зеленский маблағларнинг ажратилиши тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилиниши билан боғлиқ эканини таъкидлади. Шу сабабли у Украина парламенти, жумладан мухолифат вакилларини ҳам зарур қарорларни қабул қилишда фаол иштирок этишга чақирди.

«Бу 30 миллиард ҳукуматда ҳам, мухолифатда ҳам йўқ. Аммо бу маблағ бутун мамлакат мудофааси учун зарур», — деди Украина президенти.

Мудофаа бюджетига 27 млрд доллар етишмаяпти

Зеленскийнинг маълум қилишича, Украина Мудофаа вазирлиги бюджети тақчиллиги ҳозирда 27 млрд долларни ташкил этмоқда. Бу 23,1 млрд евродан зиёд маблағга тенг.

Унинг айтишича, тақчилликка, жумладан, йилнинг биринчи ярмида режалаштирилганидан кўпроқ маблағ сарфлангани ҳам сабаб бўлган.

Президент ҳисоб-китобларига кўра, Украина армиясини 2027 йил январ ойига тайёрлаш учун 8–10 млрд доллар зарур. Яна қарийб 20 млрд доллар ҳарбий хизматчиларга маош тўлаш, ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига тўловларни амалга ошириш ва бошқа мудофаа харажатларини қоплаш учун керак бўлади.

Зеленский ушбу масала бўйича Франция ва Германия билан музокаралар олиб бораётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, Украина учун аввалдан кўзда тутилган Европа маблағларининг иккинчи қисмини ажратишни тезлаштириш талаб этилмоқда.

Киевга олти давлат раҳбари келди

Зеленскийнинг баёноти «Шимолий-Болтиқ саккизлиги» (NB8) форматига кирувчи олти давлат — Дания, Латвия, Литва, Норвегия, Финландия ва Эстония раҳбарларининг Киевга ташрифи билан бир кунга тўғри келди.

Ташриф Украина Мустақиллик куни — 24 август арафасида амалга оширилмоқда.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибихага кўра, Европа давлатлари раҳбарлари Зеленский билан икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар ўтказади. У учрашувлар якунлари бўйича «муҳим қарорлар қабул қилиниши ва муҳим баёнотлар берилиши»ни маълум қилди.

Шу билан бирга, Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре ҳукумати мамлакат парламентига 2027 йилда Украина учун 85 млрд норвег кронаси — қарийб 8 млрд евро ажратиш таклифини киритишини билдирди. Осло 2026 йилда ҳам Киевга худди шунча миқдорда маблағ ажратган.