Украина президенти Володимир Зеленский Украина миллий пантеонини ташкил этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Украина Олий радаси сайтидаги маълумотга кўра, ҳужжат 22 август куни давлат раҳбари томонидан имзоланган.
«Украина пантеони албатта бўлади. Қаҳрамонларимиз ким эканини фақат украиналикларнинг ўзи ҳал қилади», — деди Зеленский.
Қонун лойиҳаси 1 июл куни Олий радада биринчи ўқишда 290 депутат томонидан қўллаб-қувватланган эди. Кейинчалик ҳужжатни тўлиқ қабул қилиш учун 287 депутат овоз берган.
Киевда ягона миллий макон яратилади
Қонун Киевда Украина давлатчилиги анъаналарининг узлуксизлигини ифодаловчи ягона миллий макон ташкил этишни назарда тутади.
ОАВ маълумотига кўра, пантеон Киев Русидан тортиб ҳозирги Украинагача бўлган давлатчилик тарихини акс эттириши режалаштирилган.
Мемориал мажмуа Украинанинг таниқли тарихий шахсларини қайта дафн этиш жойи бўлиши кўзда тутилган. Қолдиқларини мамлакатга қайтариш имкони бўлмаган шахслар учун эса рамзий қабрлар — кенотафлар ўрнатилиши мумкин.
Шу билан бирга, пантеон тарихий хотирани сақлаш, ватанпарварлик тарбияси ва давлат маросимларини ўтказиш маркази вазифасини ҳам бажаради.
Пантеонга кимлар киритилиши мумкин?
Қонунга кўра, пантеонда Украинанинг турли тарихий даврлардаги давлат раҳбарлари, мамлакат президентлари, украин ҳарбий тузилмалари бош қўмондонлари, шунингдек, фан, маданият, таълим, дин ва давлат қурилиши соҳасидаги таниқли шахслар хотираси абадийлаштирилиши мумкин.
Импичмент тартибида лавозимидан четлатилган президентлар бундан мустасно бўлади.
Украина билан боғлиқ Нобел мукофоти совриндорларининг хотирасини ҳам пантеонда абадийлаштириш имконияти назарда тутилган.
Новини.LIVE нашрининг ёзишича, пантеонда кимларни дафн этиш ёки қайта дафн этиш бўйича якуний қарор махсус ташкил этиладиган давлат комиссияси томонидан қабул қилинади. Комиссия ишига олимлар ҳам жалб этилиши кўзда тутилган.
Полша билан янги келишмовчиликлар юзага келиши мумкин
Лойиҳанинг баҳсли жиҳатларидан бири Украина исёнчилар армияси — УИА аъзолари хотирасини пантеонда абадийлаштириш имконияти билан боғлиқ.









