Жамият | 08:14 / 06.06.2026
2055
3 дақиқада ўқилади

Энг илиқ май ва кучли жалалар: Ўзбекистонда баҳор қандай ўтди?

2026 йил баҳор фасли Ўзбекистонда илиқ ва серёғин об-ҳаво билан ёдда қолди. Май ойи эса мамлакат метеорологик кузатувлари тарихидаги энг илиқ май сифатида қайд этилди. Айрим ҳудудларда 50 йилда биринчи марта шунчалик кучли ёғингарчилик кузатилиб, сел ва сув тошқинлари содир бўлди.

Фото: Kun.uz

Ўзгидромет маълумотларига кўра, баҳор фаслининг сўнгги ойи бўлган май давомида республика бўйлаб асосан илиқ об-ҳаво ҳукм сурди. Кўпчилик кунларда ҳаво ҳарорати 27–32 даража атрофида бўлди. Энг иссиқ кунларда ҳарорат 34–37 даражагача кўтарилган бўлса, ой охирида айрим ҳудудларда 39 даража қайд этилди. Республика шимоли, жануби ва чўл ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40–41 даражагача, Термиз атрофида эса 42 даражагача етди.

Мутахассислар таъкидлашича, 2026 йил май ойи 2025 йил майига нисбатан анча юмшоқ кечган. У республиканинг аксарият ҳудудлари бўйича энг илиқ май ойлари учлигига кириб, Ўзбекистондаги кузатувлар тарихидаги энг илиқ май сифатида қайд этилди.

Май ойи нафақат иссиқлиги, балки ёғингарчилик миқдори билан ҳам ажралиб турди. Ўтган йилги экстремал қуруқ майдан фарқли ўлароқ, бу йил ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик меъёрдан юқори бўлди. Кучли жалалар деярли барча ҳудудларда момақалдироқ билан кузатилиб, айрим жойларда дўл ҳам ёғди.

Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларида бир кеча-кундузда ёққан ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрнинг 100–150 фоизига тенг бўлди. Нукусда эса бир кеча-кундузда 40 миллиметр ёғин ёғиб, бу ойлик меъёрнинг 348 фоизини ташкил қилди.

Айрим ҳудудларда май ойидаги бундай кучли ёмғирлар сўнгги 50 йил ичида биринчи марта кузатилди. Ангрен, Ғузор ва Нукус метеостанцияларида эса май ойида бир кеча-кундузда ёққан ёғингарчилик бўйича тарихий рекордлар янгиланди.

Кучли ёғингарчиликлар оқибатида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Наманган вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида бир неча бор сел ва сув тошқинлари қайд этилди.

Умуман олганда, 2026 йил баҳори республика бўйича илиқ келди. Ўртача мавсумий ҳарорат кўп йиллик меъёрдан 1–2 даражага юқори бўлди. Қорақалпоғистонда эса бу кўрсаткич 2–2,5 даражагача ошди. Баҳор фасли ёғингарчилик билан ҳам таъминланган бўлиб, аксарият ҳудудларда ёғин миқдори меъёр атрофида ёки ундан юқори кузатилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид