17–23 август кунлари қишлоқ хўжалиги учун ўтган ҳафтага нисбатан бироз енгилроқ агрометеорологик шароит шаклланади. Бироқ кундузги юқори ҳарорат, кучли шамол ва айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар экинлар ва чорва учун иссиқлик ҳамда намлик стресси хавфини сақлаб қолади.
Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.
Ҳафта бошида шимолий-ғарбий ҳудудлардан салқинроқ ҳаво кириб келиши натижасида шимолда ҳарорат пасаяди, кейинчалик бу салқинлик республика ҳудудларининг бошқа қисмига ҳам тарқалади. Кундузлари аксарият ҳудудларда +35…+38 даража, жанубда эса иш кунлари +40…+41 даражагача иссиқлик сақланиши мумкин. Дам олиш кунларида ҳароратнинг +31…+36 даражага тушиши экинлар ва чорва учун иссиқлик юкламасини бироз камайтиради.
Тунги ҳароратнинг +17…+20 даражагача пасайиши айниқса пахта, сабзавот-полиз ва боғдорчилик экинлари учун суткалик иссиқлик стрессидан кейин тикланиш шароитини яхшилайди. Бироқ юқори кундузги ҳарорат ва буғланишнинг давом этиши туфайли суғоришга бўлган эҳтиёж ҳали юқори бўлиб қолади. Суғоришни куннинг салқин вақтларига тўғирлаш, тупроқ намлигини назорат қилиш ва сувни тежамли бериш муҳим.
Ҳафта бошида шимол, чўл ва жанубий ҳудудларда кучли шамол ва чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Бу очиқ майдонларда тупроқнинг тез қуриши, ёш ниҳолларга механик таъсир ва мева-сабзавот маҳсулотларининг чангланишига олиб келиши эҳтимолини оширади. Чорвачиликда эса кундузги иссиқлик ҳали сақланиб тургани учун сояли жойларни, тоза ичимлик суви ва шамоллатиш шароитларини таъминлаш муҳим.
Умуман, ҳафта қишлоқ хўжалиги учун ўтган ҳафтага нисбатан енгилроқ, аммо ҳали иссиқлик хавфи тўлиқ ортда қолмаган давр бўлади. Асосий агрометеорологик устунлик – тунги салқинликнинг кучайиши; асосий хавфлар эса жанубда сақланадиган юқори ҳарорат, юқори буғланиш ва шамол-чанг жараёнларидир.








