27 июлдан 2 августгача республиканинг деярли барча ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳароратининг босқичма-босқич +40…+45 даражагача кўтарилиши тупроқдан намликнинг тез буғланишига, суғориш самарадорлигининг пасайишига ва ўсимликларда иссиқлик стрессининг кучайишига олиб келади. Пахта, сабзавот ва боғдорчилик экинларини кундузги суғоришдан воз кечиб, уни тунги ёки эрталабки соатларга кўчириш мақсадга мувофиқ. Чорвани куннинг энг иссиқ пайтида соя жойларда сақлаш, ичимлик суви захирасини кўпайтириш ва шамолли ҳудудларда тупроқ намлигини сақлаш чораларини кучайтириш тавсия этилади. Ҳафта охиридаги кучли иссиқлик айрим ҳудудларда ҳосил сифати ва меҳнат унумдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.