Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг жойларга ташрифида ҳамроҳлик қилиб, пойтахтдаги дренаж тизими, экология, жамоат транспорти, коммунал инфратузилма ва аҳоли олдидаги масъулияти ҳақида сўради. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги қилинаётган ишлар билан Тошкент келгуси 5 йил ичида яшаш учун энг қулай дунё шаҳарлари рўйхатига кириши керак.
“Энг қўрқадиганим – фуқаролар саволига жавобим бўлмаслиги”
Шавкат Умрзоқовнинг айтишича, аҳоли билан учрашувлар олдидан уни энг кўп безовта қиладиган нарса – фуқаролар саволларига жавоб бера олмаслик.
Унинг таъкидлашича, одамлар кўтарган муаммолардан бехабар бўлиш ёки уларнинг ечими билан шуғулланмаслик раҳбар учун уят ҳисобланади.
“Қайсидир фуқаро мурожаат қилаётган бўлса-ю, мен ёки ҳокимият вакиллари бу муаммони билмасак ёки унинг ечими билан шуғулланмаётган бўлсак, бу биз учун уят. Мен қўрқадиган нарса шу”, – дейди шаҳар раҳбари.
Дренаж тизими: 400 миллион долларлик муаммо
Тошкентда кучли ёғингарчиликлардан кейин кузатилаётган сув тошқинлари ҳақида тўхталган ҳоким 2023 йилда лавозимга келганидан кейин биринчи навбатда дренаж тизимини ўрганганини маълум қилди.
“2023 йилда иш бошлаганимиздан кейин биринчи навбатда Тошкент шаҳри дренаж тизимининг бош режасини ишлаб чиқдик. Бугун шаҳарнинг бу йўналишда аниқ мастер-плани мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, тизимни тўлиқ модернизация қилиш учун тахминан 400 миллион доллар инвестиция талаб этилади.
Муаммо фақат маблағда эмас, бошқарув тизимида ҳам. Биз сув оқимларини ойма-ой, кунма-кун прогноз қилишимиз, уларни қаерда йиғиш, қаерда захиралаш ва қандай бошқаришни аниқ режалаштиришимиз керак.
Шу мақсадда 12 та сунъий кўл барпо этиш лойиҳасини бошлаганмиз. Бу кўллар келажакда ёмғир сувларини йиғиш, сақлаш ва техник мақсадларда фойдаланиш имконини беради.
Яқинда Хитойга ташрифимиз давомида Тянжин шаҳридаги сув бошқаруви тажрибасини ўргандик ва ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоладик. Шунингдек, Дубай ва Сингапур тажрибасидан ҳам фойдаланмоқчимиз. У ерларда қайта ишланган сув дарёга оқизиб юборилмайди, балки техник эҳтиёжлар: яшил ҳудудларни суғориш, коммунал хизматлар, автомобил ювиш шохобчалари ва бошқа мақсадлар учун ишлатилади. Бизнинг мақсад ҳам шу: қайта ишланган сувдан самарали фойдаланиш тизимини яратиш”.
Умрзоқовнинг қайд этишича, келгусида ёмғир сувлари тўлиқ ҳисоб-китоб асосида бошқарилади, сувни захиралаш ва қайта ишлатиш тизими йўлга қўйилади. Буни амалга ошириш учун камида уч йил талаб этилади.








