Ўзбекистон | 09:50 / 24.10.2025
5611
2 дақиқада ўқилади

Турар жой мажмуаларининг номи ўзбек тилида бўлиши талаби қўйилди

Ҳукумат қарорига биноан, 2026 йил 1 январдан бошлаб турар жой мажмуаларини қуришда объектнинг номи давлат тилида бўлиши керак. Шунингдек, бино паспорти, пешлавҳаси, қурилиш майдони атрофидаги вақтинча девор ва тўсиқлардаги барча ёзувлар ҳам ўзбек тилида бўлиши талаб этилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 22 октябр куни қурилиш соҳасига оид янги қарор қабул қилди.

Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • турар жой мажмуаларини қуришда объект номи давлат тилида бўлади ҳамда давлат тили қоида ва талабларига риоя этилиши лозим;
  • қурилиш объектлари лойиҳалари акс этган бино паспорти, пешлавҳаси, қурилиш майдонлари атрофидаги вақтинча девор ва тўсиқлардаги барча ёзувлар, шу жумладан реклама ва эълонлар матнлари давлат тилида ёзилади.

Аввалроқ, Ўзбек тили байрами арафасида қабул қилинган президент қарори билан, ҳокимларнинг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган эди.

Шунингдек, ҳукуматнинг бошқа бир қарори билан, республикадаги барча темирйўл станциялари номи давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилиши белгиланди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид