Жамият | 19:00 / 04.07.2021
41936
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекча репетиторлик мактаби — 25 йиллик тарихга эга абитуриентлар маҳалласидан репортаж

Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Тамабаҳрин маҳалласини “Абитуриентлар маҳалласи” деб ҳам аташади. Бу ерда ҳар йили 3-4 минг абитуриент аҳоли уйларида яшаб, кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўради. Маҳаллада 25 йил олдин бошланган репетиторлик фаолияти маҳалланинг обод бўлишига, аҳоли даромадларининг ошишига сабабчи бўляпти.

Навоий вилояти, Хатирчи тумани Тамабаҳрин маҳалласини “Абитуриентлар маҳалласи” деб ҳам аташади. Бу ерга ҳар йили туман, вилоятнинг турли ҳудудларидан, ҳатто бошқа вилоятлардан ОТМга кириш истагида бўлган абитуриентлар оқиб келади. Улар ўқув йили бошланишидан олдин ўзлари танлаган фанлар бўйича репетиторларнинг синовларидан ўтиб, дарсларга қатнай бошлайди.

Қисқача таърифласа, Бухоронинг Қоракўлидаги тайёрлов марказига ўхшаб кетади. Фақат бир фарқи Қоракўл ҳозир алоҳида мактаб сифатида эътироф этилади, Тамабаҳриндаги тайёрлов маркази эса ҳозирча бу таърифдан бебаҳра.

Ўқитувчиларнинг айтишича, маҳаллий абитуриентларни ҳисобламаганда маҳаллада йилига 3-4 минг атрофида абитуриент яшайди ва бу сон доимий ошиб боряпти. Шунча абитуриентнинг бир маҳаллада яшаши ҳудудда уларни ижарага қўядиган оилаларнинг ҳам, дўконлар ва овқатланиш шохобчаларининг ҳам даромади ошишига сабаб бўляпти.

Репетиторлар эса абитуриентлар назоратини маҳалла идораси ва участка нозирлари билан ҳамкорликда олиб боради.

Абитуриентлар аҳоли хонадонларига жойлаштирилиб, репетиторлар ва ота-оналар ҳамкорлигида назорат қилиб борилади. Ўғил болалар учун хонадон бекаси овқат пишириб беради (бу билан нарх сал қимматлашади).

Ўқувчилар қандай сараланади?

“Янги абитуриентларга август ойида, дастлаб, бирор мавзу бериб юборилади. Тайёргарлик кўриб келишгач ўша мавзу бўйича тест билан ва оғзаки тарзда имтиҳон қилинади. Абитуриентлар шу усулда саралангач, улар сентябрдан дарсга кела бошлайди. Натижаларни ота-оналарга доимий юбориб турамиз.

Абитуриентлар гуруҳларга ҳам билимига қараб жойлаштирилади”, дейди ҳудудда тарих фанидан репетиторлик қилаётган ўқитувчи Баҳодир Халилов.

Математика фани ўқитувчиси Юсуф Изомиддиновнинг айтишича, математикани ўқиш учун келган абитуриентлар биринчи навбатда бошланғич мавзуларни ўрганади, бир ойдан сўнг улар имтиҳон қилиниб, билимига қараб курсда олиб қолинади.

Кимё фани ўқитувчиси Фаррух Нуруллаев фанни ўзлаштириш учун келган абитуриентлар синовдан ўта олмаса, бошқа фанларга йўналтирилишини айтиб ўтди. Шундай қилиб ҳудудда турли фанлардан дарслар бошланиб кетади.

Фан кунлари ва рейтинг тизими

Ҳудудда дарс ўтадиган 40дан ортиқ ўқитувчи бирга ишлагани учун ҳафта кунлари ҳам дарсларга мос қилиб бўлиб олинган.

“Масалан, чоршанба – тарих ёки математика куни, шанба – она тили, инглиз тили куни ҳисобланади. Бу абитуриентларнинг қулай дарс қилишига ёрдам беради”, дейди она тили фани ўқитувчиси Анвар Бахранов.

Тамабаҳрин репетиторлари абитуриентлар учун рейтинг тизимини ҳам жорий қилган. Бунда абитуриентлар ой давомида кўрсатган натижаларига қараб арзон, ўртача ва қиммат ойлик тўлов қилишади. Бу каби моддий стимул эвазига уларда ўқишга бўлган иштиёқни оширишга хизмат қилиши мақсад қилинган.

Дарслар асосан, ўқитувчиларнинг уйларида ўтилади. Бунга сабаб бир вақтлар ҳудуддаги мактабда бошланган репетиторлик фаолияти мактабда давом эттирилишига қаршилик бўлган. Дарс ўтиш учун уйларига кўчган ўқитувчилар шу-шу уйда дарс ўтиш анъанасини сақлаб қолган.

Ҳаммаси қандай бошланган?

Бу маҳаллада курс фаолиятининг бошланиши бундан 25 йил олдинга – 1996 йилга бориб тақалади. Дастлаб, ҳудуддаги 22- ва 44-умумтаълим мактабларининг ўша пайтдаги директорлари Саъдулла Бекназаров ва Тошмамат Эгамбердиев ташаббус кўрсатган.

Бунинг сабаби ўша пайтларда яқин атрофдаги мактабларнинг фақат 1-2 нафар битирувчиси ОТМга кира олиши ва ёшларда талаба бўлиш имкони ўта пастлиги билан боғлиқ бўлган.

“Биринчи навбатда, дарс ўта оладиган ўқитувчиларни саралаб олишимиз керак эди. Ҳамма фан учун 30 нафардан ўқитувчини йиғганмиз ва синов асосида уларни бир-икки нафардан танлаб олганмиз. Синовдан ўта олмаган ўқитувчилар бизга ёмон кўз билан қарашган”, дейди Хатирчи тумани 22-мактаб собиқ директори, курс асосчиларидан бири Саъдулла Бекназаров.

Унинг айтишича, биринчи йилда қабул қилинган 27 нафар абитуриентнинг 90 фоиздан ошиғи талаба бўлган. Ўша пайт учун, ҳатто ҳозир ҳам бу – катта натижа.

“Натижамиз бирданига шов-шув бўлганди. Ўша йили ДТМ директори бўлган Муҳсин Муҳиддинов деган киши вилоятга келиб биз билан учрашиб табриклаган. Мустақилликнинг 5 йиллик байрамини биринчи президент Ислом Каримов билан бирга нишонлаш насиб қилган”, деб хотирлайди Саъдулла Бекназаров.

Лекин хусусий таълимнинг қабул қилиниши осонлик билан бўлмаган.

“Аввалига ота-оналар репетиторликни тушуниши осон бўлмаган. Ўзи арзимаган пул олинарди тўлов учун, бироқ “нега пул беришимиз керак”, деб ҳам кўп эътирозлар билдиришган.

Директорлар йиғилишларида устимиздан кулиб, “булар болаларни ўқишга киритади”, деб киноя билан гапиришган. Лекин кейинги йил натижа яхши бўлгач ўзлари болаларини олиб келишди. Йилдан йилга одам кўпайиб боряпти, сабаби ҳозир дарс ўтаётган шогирдларимиз ҳам тинимсиз ўз устида ишлаяпти”, дейди Хатирчи туманидаги 44-мактабнинг собиқ директори, маҳалладаги курс асосчиларидан бири Тошмамат Эгамбердиев.

Аҳоли абитуриентлар орқали даромад қиляпти

“Дастлабки йиллар ҳудуддаги болалар ўқишга келган болаларни ушлаб олиб калтаклаган пайтлар ҳам бўлган. Биз уларни топиб жазолашга ҳаракат қилганмиз. Бир марта ўқитувчининг ўғли абитуриент болаларни урган. Ўшанда ўқитувчи одам “тупурдим курсингга” деб бизни ҳақоратлаган. 4 йилдан сўнг ўша ўқитувчининг ўзи “болаларимни ўқитиб беринг” деб ялиниб келди. Ўқитдик, ҳозир катта одамлар бўлиб кетишган болалари.

Бошида бошқа ҳудудлардан келган абитуриентларни аҳоли уйига ижарага қўйишни ҳам хоҳламаган. Улар бегона бўлгани учун, маҳаллий аҳоли уйларига жойлаштиришга қўрқишган. Шунинг учун болаларни ўз уйларимизга жойлаштиришга мажбур бўлганмиз. Кейин-кейин одамлар уларни қабул қилишга ўрганди. Курс ўқиётган болаларнинг одоб-ахлоқига ҳавас қилиб, уларни уйига жойлаштира бошлашган. Шу-шу ижара тизими шаклланди. Айрим оилалар фақат ижара сабаб 2 млн сўмгача даромад қиляпти.

Ҳозир курсчиларга ҳамма ҳурмат қилан қарайди. Таксичилар, дўконлар, сомсахона улардан пул оляпти. Болалар ижарага пул тўлашяпти, солиқлар тўланяпти, ҳа, ҳаммаси бўляпти. Абитуриент болалар орқасидан маҳаллага миллион-миллион пуллар оқиб келяпти”, дейди Саъдулла Бекназаров.

У Тамабаҳрин маҳалласи репетиторлик тизими йўлга қўйилгани сабаб обод бўлаётгани, одамларнинг ҳам турмуши яхшиланаётгани ҳақида гапириб ўтди.

Чиндан ҳам, репортаж давомида маҳалланинг ички йўллари ҳам асфальт қилинганига, яқин атрофдаги бошқа маҳаллалар билан солиштирганда фарқли равишда ободлигига биз ҳам гувоҳ бўлдик.

Ҳозир иккинчи авлод дарс ўтяпти...

“Биз ҳудудда репетиторлик билан шуғулланаётган иккинчи авлодмиз. Ҳозир устозларимизнинг йўлини давом эттириб дарс ўтиб келяпмиз”, дейди Анвар Бахранов.

Ўқитувчиларнинг айтишича, ҳозир кириш имтиҳонларига яқин қолгани учун синов имтиҳонлари кўпроқ олиняпти. Ўқувчиларнинг тўплаган балларига қараб қаерга ҳужжат топшириши бўйича тавсиялар берилади.

Қилган ишларимиздан фахрланамиз...

Тамабаҳринда йиллар давомида тайёрланган абитуриентлар бугун турли соҳаларда меҳнат қиляпти, нуфузли ОТМларда таҳсил оляпти.

“25 йил давомида тайёрлаган ўқувчиларимиз орасидан 10га яқин фалсафа фанлари доктори етишиб чиққан, улар турли соҳаларда меҳнат қиляпти. Бу ишларимиз билан фахрланамиз”, дейди устозлар.

Муҳтожларни бепул ўқитиш керак – устоз маслаҳати

Репетиторлик тамал тошини қўйган устоз Саъдулла Бекназаровнинг тавсия қилишича, репетиторлар йил давомида ўқувчиларни саралаб бориши лозим. Яхши натижа кўрсата олмаганлар рўйхатдан чиқариб борилиши, синов адолатли бўлиши лозим.

“Биз ҳар доим ўқувчиларни саралаб борганмиз. Синовда яхши натижа кўрсата олмаганлар ўйиндан чиқиб борган. Ҳозирги ўқитувчилар ҳам ҳар қанча болани ўқитавермаслиги керак.

Бундан ташқари, моддий жиҳатдан имкони йўқ абитуриентларни бепул ўқитардик. Ҳозир ҳам ҳудудда бу анъана сақланган, адашмасам. Бунга ҳам эътиборли бўлиш керак”, дея тавсиялар берди Саъдулла Бекназаров ва Тошмамат Эгамбердиев муаллим.

Хуллас, ўзига хос бу маҳалла ҳақидаги материални ўқишдан кўра у ҳақда тайёрлаган репортажимизни видеодан кўришни тавсия қиламиз.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид