Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Нилуфар Анваровна Аллабергенова Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
Нилуфар Аллабергенова 1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Турли йилларда пойтахтнинг Яшнабод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманлари прокурори ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Нилуфар Аллабергенова 2023 йил 9 октябрида Яккасарой туманига ҳоким этиб тайинланганди. У ўшанда Тошкент шаҳридаги илк аёл ҳоким бўлганди.
Кун давомида Тошкент шаҳрининг яна уч туманида ҳокимлар ўзгарганди.
Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев ўрнини шу вақтгача Янгиҳаёт туманини бошқариб келган Ҳаёт Иноғомов эгаллади. Ўз навбатида, Янгиҳаёт туманига Лазизбек Темиров янги ҳоким бўлди. Шунингдек, Бахтиёр Раҳмонқулов Яшнобод тумани ҳокими лавозимидан кетган, унинг ўрнига Абдулазиз Абдулҳаков янги ҳоким этиб тайинланган.















