Жамият | 09:36 / 28.11.2025
6139
2 дақиқада ўқилади

Андижонда профилактика инспектори машинасида уриб кетганлардан бири шифохонада вафот этди

Шаҳрихон тумани Маслаҳаттепа маҳалласи профилактика инспектори Аъзам Сотволдиев 9 ноябр куни маст ҳолатда машинасида уриб кетган икки киши оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилганди. Улардан бири – 53 ёшли Масхобиддин Жабборов кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай вафот этди. У жонлантириш бўлимида кома ҳолатида қолаётганди.

Фото: Kun.uz

Шаҳрихон туманида профилактика инспектори Аъзам Сотволдиев машинасида уриб кетган икки жабрланувчидан бири вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

1972 йилда туғилган Масхобиддин Жабборов кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай вафот этган. Бош мия асосининг синиши, лат ейиши, шишиши ташхиси билан шифохонага олиб келинган жабрланувчи жонлантириш бўлимида кома ҳолатида қолаётганди.

ЙТҲ 9 ноябр куни Шаҳрихон тумани Бобочек маҳалласи ҳудудида содир бўлганди. Тумандаги Маслаҳаттепа маҳалласи профилактика инспектори Аъзам Сотволдиев маст ҳолатда машина бошқариб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва скутерда келаётган икки кишини уриб юборган.

Маълум бўлишича, скутердагилар 35 ёшли Муҳриддин Ҳамдамов ва унинг қўшниси 53 ёшли Масхобиддин Жабборов бўлган. ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳати олган жабрланувчилар шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Миясини пачақлаб юборган. Кўрсангиз қўрқадиган даражада эди. Турмуш ўртоғимнинг ҳолати ўта оғир. Тўққиз кундан бери кутиб ўтирибмиз, ўзига келгани йўқ. Бизга ҳеч қандай бир нажот йўқ. Боқувчимни йўқотяпман. Тинчлигимизни таъминлайдиган ходимнинг ўзи бировнинг ёстиғини қуритиб юраверса. Ходим формада ичиб юриши тўғрими?” деганди марҳумнинг турмуш ўртоғи Гулбаҳор Раҳматуллаева Kun.uz’га берган интервюсида.

Андижон вилояти ИИБ ҳолат юзасидан расмий ахборот бериб, профилактика инспектори 2025 йил 7 ноябрда, яъни воқеадан икки кун олдин ички ишлар органлари тизимидан қуролли кучлар захирасига бўшатилганини маълум қилган. Шунингдек, ИИБ ахборотида профилактика инспектори фақат бир киши – Масхобиддин Жабборовни уриб кетгани келтирилган. Кейинчалик расмий ахборот таҳрирланган.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид