Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот берди.
Унга кўра, ҳодиса 17 август куни соат 01:10 ларда Андижон шаҳрининг Машраб кўчасида содир бўлган.
Ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Onix русумли автомобиль ҳайдовчисига «Тўхташ» ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабига бўйсунмай, Ломоносов кўчаси томон ҳаракатини давом эттирган.
Ҳаракат давомида ҳайдовчи рул бошқарувини йўқотиб, йўл четида жойлашган дўконга бориб урилган. Оқибатда автомобиль техник шикастланган, тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.
Ҳодиса жойига етиб келган ЙПХ ходимлари ҳайдовчининг ҳужжатларини текширган. Маълум бўлишича, 1999 йилда туғилган У.М. автомобилни тегишли ҳужжатларсиз бошқарган.
Шунингдек, мазкур транспорт воситаси бўйича муддати ўтган 10 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик мавжудлиги аниқланган.
Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган. Автомобил вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Айни пайтда Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳолат юзасидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.









