“Йирик суммалардаги олди-сотдиларни нақдсиз шаклга ўтказишни тушуниш мумкиндир, лекин айрим маиший товарларни нақд пулга сотиб олиб бўлмаслиги мантиғини тушуна олмадим. Бу чеклов – иқтисодиёт учун улкан харажат дегани, бу харажат эвазига жамият нима олади?”

Эрон уруши фонидаги иқтисодий беқарорлик ва нархларнинг тебраниши, Ўзбекистонда нақдсиз тўлов тизимига ўтилиши ва аҳоли даромадлари.

Kun.uz мухбири ушбу иқтисодий мавзуларни Абу Дабидаги Ню Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов билан муҳокама қилди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Қуйида иқтисодчининг 1 апрелдан кучга кирган нақдсиз тўлов талаблари юзасидан билдирган оид фикрлари келтириб ўтилади.

Эвазига нима оламиз?”

— Мен бу чоранинг мантиғини тушунмаяпман. Одамлар ёқилғи сотиб олиш учун нақд пулини мажбуран банк ҳисобларига қўйиши керак бўляпти. Бу – вақт оладиган нарса. Яъни сиз нақд пулингизни картага тушириш учун нафақат комиссия тўлаш орқали, балки вақт сарфлаш орқали ҳам харажат қиласиз.

Нақд пулни банкоматга солгани учун пул олиш – менимча, уникал, ўзбекча эксперимент бўлса керак. Мен камдан кам кўрганман бу нарсани. Беш-олтита мамлакатда банкоматга нақд пул киритганман, лекин Ўзбекистондан бошқа жойда бунинг учун комиссия олишганини кўрмаганман.

Асосий масала шундаки, биз бу харажат эвазига нима оламиз, фойдаси нимада деган саволга мен жавоб топа олмаяпман. Миллионлаб одам ёқилғи шохобчасига боришдан олдин қўлидаги пулини картага тушириб олиши керак бўляпти. Бу – жамият учун ҳам, инсонлар учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам вақт нуқтайи назаридан катта харажат. Яъни одамнинг қимматли вақти кетади, бу вақтнинг ҳам нархи мавжуд. Бу – жуда катта иқтисодий шикаст. Лекин шунга яраша бирор фойда бўлса, буни тушуниш мумкин. Биз жамият сифатида кўплаб қоидалар киритишимиз, натижада иқтисодий шикаст бўлиши мумкин, лекин ўша қоидадан келадиган фойда ва йўқотиш таросига қўйилса, фойда анча устун келади. Айрим маиший товарларга нисбатан нақдсиз тўлов қоидасига келганда эса, биз шунча йўқотишлар эвазига нима олишимизга тушуна олмаяпман.

Давлат картага пул киритишдаги комиссияга аралаша олмаслиги, банкларни нол комиссия ўрнатишга мажбурламаслиги тўғри бўлиши мумкин, чунки бу – бозор. Лекин инсонларнинг имкониятларини чеклашда мантиқ қанақа? Инсон қўлидаги нақд пулига маиший нарсалар сотиб ололмайдиган қилиб қўйилди.