10 июн куни Андижон вилояти Марҳамат туман тиббиёт бирлашмасининг тўрт нафар техник ходими канализация бункерида вафот этди. Kun.uz мухбири шифохона ходимлари ва мансабдорлари ҳамда қурбонларнинг яқинлари билан суҳбатлашиб, воқеа тафсилотларини суриштирди.
Аввалига Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб, воқеа жойини кўздан кечирдик. Чиқинди сувлари тўпланадиган бункернинг оғзи кесиб ташланган, атрофини махсус тўсиқлар билан ўрашаётган экан.

Муассаса раҳбари ўринбосарлари тасвирга олаётганимизни кўриб нима сабабдан келганимизни сўрашди-ю, ҳолат юзасидан изоҳ сўраганимизда кетиб қолишди. Бироздан кейин туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам воқеа жойига етиб келди. У ҳам изоҳ беришни хоҳламади.


Муассаса ходимларининг айтишича, бункерга энг аввал сантехник Икром Нишонов тушган, у заҳарлангандан сўнг ёрдам бермоқчи бўлиб боғбон Лочин Қосимов, канализация тозаловчи машина ҳайдовчиси Қобилжон Мамажонов ва электрик Бобур Матхолиқов тушишган.
Гувоҳлар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳодиса жойига дастлаб асбоб-ускуналарсиз келишгани, шу сабаб ҳали жони узилмаган, ичкаридан ёрдам сўраб бақираётган ходимларга ёрдам бера олишмаганини айтмоқда.

“ФВБ ходимлари келишган пайтда бункер ичига тушган 4 ходимнинг камида 2 нафари тирик эди. Ёрдам беринглар деб бақирганларини аниқ эшитдик. Ўша пайтда ФВБ ходимларининг қўлида бирор бир мослама йўқ эди.
Улар “қўлимизда махсус ускуна йўқ, кейин бизга раҳбаримиз рухсат берсагина ишга киришамиз”, деб туришди. Атрофда шунча одам тўпланиб, то уларнинг жони узилгунча қўлларидан ҳеч нарса келмай тураверишди. Энг даҳшати шу эди.












