Ўзбекистон | 10:01 / 24.02.2026
5997
11 дақиқада ўқилади

“Жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмаяпти” – Фарғона боғчаларида заҳарланган 70 дан ортиқ бола шифохонада қолмоқда

20 феврал куни Фарғона шаҳридаги бир нечта давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларида иситма, кўнгил айниши, қайт қилиш ва ич кетиш белгилари кузатилган. Айни пайтда 70 нафардан ортиқ бола шаҳардаги икки шифохонага жойлаштирилган. 3 нафари реанимация бўлимида қолмоқда. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ота-оналар заҳарланиш овқатдан келиб чиққанини айтмоқда. Заҳарланиш қайд этилган боғчаларда овқатланиш вилоят ҳокимининг қарори билан тайинланган “Garden catering Trade” МЧЖ томонидан кейтеринг усулида ташкил этилади. 

Касалланган тарбияланувчилар ҳақида маълумот олиш учун Фарғона шаҳридаги болалар шифохонасига борганимизда ходимлардан бири (кейинчалик у хўжалик бўлими мудири экани маълум бўлди) айни пайтда жаҳли чиқиб турганини, тасвирга олиш мумкин эмаслигини, касалхона ҳудудидан ташқарига чиқиб кетишимиз кераклигини айтди.

Мазкур болалар шифохонасига 18 нафар бола ётқизилган. Даволанаётган болаларнинг ота-оналари негадир интервю беришни истамади. Шундан сўнг вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, бемор болаларнинг ота-оналаридан, бош шифокордан ҳолат бўйича маълумот олдик.

“Овқат еган тарбиячилар ҳам шифохонада”

“2019 йилда туғилган қизим 61-давлат боғчасига борарди. 20 феврал куни боғчадан уйга келганидан кейин тўсатдан қорним оғрияпти деди. Ҳожатга борди, ичи кетди. Аввалига одатий қорни оғриётгандир, бирор нарса ёқмаган бўлса керак, деб ўйладим. Қорин оғриқ дори бердим. Эртаси куни ухлаб турганидан кейин иситмаси 39 га чиқиб кетди. Дори ҳам кор қилмади. Кейин яна ичи кетиб, кўнгли айниб, қайт қилди. Нима бўлди, боғчада нима егандинглар десам, тефтелли овқат едим, карам шўрва ичдик, картошка пюре беришди, деди. Шундан кейин Крупский (болалар шифохонаси)га олиб бордим. У ердан кейин юқумли касалликлар шифохонасига олиб келдим. Қизим азобланяпти. Наҳот бунга ҳеч ким чора кўрмаса? Болалар қийналяпти-ку. Икки, уч суткалаб болаларимиз ҳеч нарса ейишгани йўқ. Фақат қайт қилади, ичи кетади, иситмалайди. Ким жавоб беради бу ҳолатга?

Овқатдан заҳарланмаган, деб ҳолатни яширишга уринишлар бўляпти. Хўп, шундай ҳам бўлди дейлик, ундай бўлса, ана шу овқатдан еган тарбиячилар ҳам ҳозир шифохонада ётибди-ку. Бизга ким ёрдам беради? Буни очиқламасак, ҳамма ёқ бости-бости бўлиб кетаверадими? Ҳолатга кимдир жавоб бериши керак-ку! Болаларимиз заҳарланиб қолаверса.

Майли, хўп, бу нарсани “ёпти-ёпти” қилишар, болаларимиз яна боришади боғчага. Ҳозир яна боғча ишлаяпти. Болалар яна ўша кейтеринг овқатини еб ўтиришибди. Биз кейтеринг тизимига қаршимиз. Аввалги ҳолат яхши эди. Болаларимизга овқатни боғчанинг ўзида тайёрлаб беришарди. Болалар иссиқ овқат ейишарди. Ҳозирги ҳолатда то Қувасойдан Фарғона шаҳрига келгунича овқат совиб қоляпти, сифати бузиляпти. Қайноқ овқатни пластмасса идишларга солиб олиб келишар экан.

Болаларга карантин эълон қилиниши керак эди. Карантин бўлмади. Бир ярим ёшли чақалоғим бор эмизикли. Боламни қайнонам олиб ётибди”, дейди қизи шифохонада даволанаётган Олтиной Деҳқонова.

Олтиной Деҳқонова

“Кейтеринг бизга керак эмас”

 “58-боғчада эгизак қизларим тарбияланади. Қизлар ҳар доим кечки пайт уйга келганида қорнимиз оч дер эди. Ўша куни қизлар, келинглар, ейишга бирор нарса берай, десам, йўқ, қорнимиз тўқ, дейишди. Кейин кечқурун соат 23:00 га бориб кўнгли айниб, қайт қилиб, ичи ўтиб, кечаси билан ухлашмади. Иситмаси 40 га чиқиб кетди. Telegram гуруҳга қарасам ота-оналар болаларнинг аҳволи оғирлашгани ҳақида ёзган экан.

“Инфекционний”да уч кундан бери ётибмиз. Қизларим ичи кетган. Уч кун деганда антибиотик бошладик. Шу пайтгача қизларимга антибиотик бермаганман, укол қилдирмаганман. Шунча укол, саккизталаб система олиб ётишибди. Дардимизни ҳеч ким эшитмаяпти.

Овқатни боғчанинг ўзида тайёрлаш керак. Аввалги ҳолат яхши эди. Кейтеринг тизимида тайёрланаётган овқат Қувасой шаҳридан келар экан. Бу тизимга ким қарайди? Ким жавоб беради? Бунинг ортида ким бор? Болалар тузалганидан кейин уларни яна шу боғчага олиб бораманми? Аутсорсинг овқатидан норозимиз. Кейтеринг бизга керак эмас. Болалар ҳар куни совуқ овқат еяпмиз, овқати ёқмаяпти деб келишяпти”, дейди Дилфуза Мамажонова.

Дилфуза Мамажонова

“Овқатни боғчанинг ўзида тайёрлашсин”

“Икки фарзандим 61-боғчага боради. Жума куни уйга келган катта ўғлим қорним оғрияпти деди. “Ношпа” бериб ётқизиб қўйдим. Кейин кечаси қайт қилиб уйғониб кетди. Иситмаси кўтарилди. Кундузи тез тиббий бўлимга олиб бордим. У ерда “Инфекционний”га оборинг дейишди. Ичи ҳам кетишни бошлаганди ўшанда. Кейин “инфекционний”га олиб келдим. Ўғлимдан сўрасам, карамли шўрва ичган эдим деди. Уйга борсам кичкина қизим ҳам худди шу аҳволда ётибди. Ичи кетяпти, қайт қилиб кўнгли айнияпти.

Икки кундан бери икки фарзандим шифохонада. Касалхона овқатдан заҳарланган болаларга тўлиб кетди. Болаларнинг ҳолати яхшимас. Уйда ҳам даволанаётганлар бор. 61-боғчанинг ўзидан 20 нафардан ортиқ бола даволаняпти.

Кейтерингдан овқат тарқатилади бутун Фарғонага. Кейтеринг тизимига аввалбошидан қарши бўлганмиз. Авваллари овқатни боғчанинг ўзида тайёрлашарди. Ўша эски тизимга қайтариб беришсин”, дейди Гулираъно Отабекова.

Гулираъно Отабекова

“16 нафар боламиз даволаняпти”

“Шанба куни соат 20:00 дан бошлаб болаларнинг ичи кетаётгани ҳақида мурожаатлар келишни бошлаган. 16 нафар бола даволаняпти. Боғчамизда бола қамрови 180 ўринга эга. Бугунги кунда 120 бола боғчага келяпти.

Ўша куни эрталаб нонуштага гречкали сутли бўтқа берилган эди. Тушликка биринчи овқат “борш” эди, иккинчи овқат типратиканли тефтел, гарнирига хонаки картошка эди. Таомлар 2025 йил август ойидан “Garden Catering” фирмасидан олиб келинади”, дейди 61-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Шаҳноза Азимова.

Шаҳноза Азимова

“26 нафар бола касалланган”

 “58-боғчада 26 нафар болада касалланиш ҳолати кузатилди. Ўша куни эрталаб сутли бўтқа берилган. Тушликка биринчи овқатга карам шўрва, иккинчига картошка билан тефтел берилган. Тушдан кейин эса майизли кекс берилган. Бизнинг таълим ташкилотига “Garden Catering” МЧЖ томонидан тайёр овқат олиб келинади” – 58-ДМТТ директори Нодира Ортиқова.

Нодира Ортиқова

“8 нафар бола шифохонага тушган”

“Икки шифохонада жами 8 нафар боламиз даволаняпти. Ўша куни эрталабга одатдагидек сариёғ билан нон, каша берилган. Тушликда “борш” бўлган, иккинчисига картошкали соус билан тефтел берилган. Тушдан кейин майизли ёнғоқли кекс. Биринчи нонушта бизда шу ерда тайёрланади, чунки бу сифати тез бузилувчан маҳсулотлардан қилинади, яъни сут маҳсулоти. Тушлик учун Cateringʼдан овқат етиб келади” – 2-ДМТТ директори Мухтасар Умрзоқова.

Мухтасар Умрзоқова

“Таҳлил натижалари 10 кунда чиқади”

 “21 феврал соат 7:00 ларда 2-, 58- ва 61-боғчаларда айрим тарбияланувчиларда кўнгил айниши, иситма кўтарилиши, ич кетаётгани ҳақида хабар беришди. Юқумли касалликлар шифохонасига бориб, ҳолатни ўргандик. Боғчаларнинг суртмали пробаларини олиб, баклабораториямизга топширдик. Баклабораториямизга олинган таҳлиллар жавоби 10 кун ичида чиқади. Натижасига қараб ҳолат бўйича хулоса беришимиз мумкин.

“Garden Catering” МЧЖ Фарғона шаҳрида эмас, Қувасой шаҳар ҳудудида жойлашгани учун вилоят СЭС, Қувасой СЭС томонидан ўрганилиб, таҳлиллар олинди. Йўналишимиз бўйича “Garden Catering” МЧЖда текширув ишлари олиб бориляпти”, дейди Фарғона шаҳар СЭС эпидемиология бўлими мудири Умарали Сулаймонов.

Умарали Сулаймонов

 “52 бемордан 3 нафари реанимацияда”

“Шифохонамизда даволанаётган болаларнинг умумий аҳволи ўрта оғирликда. Биринчи куни 28 нафар бемор қабул қилганмиз. Ҳозирги кунда 52 нафар бемор ўткир диарея касаллиги ташхиси билан даволанмоқда. Беморларда ҳаёт учун хавфли ўта оғир ёки ҳаётига ташвиш соладиган бирор ҳолат йўқ. Бугунги кунда уч нафар бемор реанимация бўлимида. Лекин аҳволлари енгил ҳолатда”, дейди Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Султонали Бойигитов.

Султонали Бойигитов

Таҳририят ихтиёрида Фарғона шаҳридаги 2-, 58-, 61-, 35-, 22-, 59-, 37-ДМТТ тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиб шифохонага тушгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Маълумот учун, “Garden catering Trade” МЧЖ қўшма корхонасининг ДМТТлар учун бир кунлик тайёр иссиқ овқат жадвалида 20 феврал кунига нонуштада гречка, сутли чой, сариёғ ва нон; тушликда борш, тефтел, хонаки картошка, сабзи ва олмали салат, нон ва қуруқ мевали компот; 2-тушликда майизли кекс ва чой; кечки овқатга картошка пюре, чой ва нон кўзда тутилган.

“Garden catering Trade” МЧЖнинг 100 фоизлик улушига Иқболжон Бозоров эгалик қилади.

Фарғона вилояти ҳокими 2024 йил 25 июлдаги қарори билан Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида 5 ой муддатга кейтеринг тизими жорий этилиши, таомларни тайёрлаш ва етказиш билан эса Қувасойдаги “Garden Catering” қўшма корхонаси шуғулланиши бўйича таклифлар маъқулланган.

Шунингдек, мазкур тажриба-синов натижалари ижобий бўлса, йил якунига қадар ушбу тизим Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида ҳам ташкил этилиши белгиланган. Вилоят ҳокимлиги бу тажриба Ўзбекистонда биринчи марта синов тариқасида амалга оширилаётганини қайд этганди.

Кейинроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Garden Catering” корхонаси фаолиятини ўрганиб, хизматларида бир қанча талабларга риоя қилинмагани, хусусан, таомларнинг рецептура тўплами, таркибий қисми ҳамда энергетик қиймати СанҚваМ 0016-21 талаблари асосида ишлаб чиқилмагани, тарбияланувчиларга етказиб бериладиган таомларни ташиш, сақлаш ва истеъмолга берилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари бўйича тизимли ишлар белгилаб олинмаганини аниқлаганди.

Рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳокимидан Қувасойдаги кейтеринг корхонасига оид қарорини бекор қилишни талаб қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябр ойида Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ, Бекобод туманлари, Нурафшон ва Олмалиқ шаҳридаги боғчаларида 2 мингга яқин бола айнан аутсорсинг хизмати келтирган егуликлардан заҳарланганди. Кейинчалик ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давомида 10 нафар шахс қамоққа олинганди. Айни пайтда мазкур иш доирасида суд маҳкамаси бошланган.

Сарвар Зияев
Тайёрлаган Сарвар Зияев

Мавзуга оид