Ямандаги уруш
Халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукумати 4 октябр куни ҳусийчиларга қарши йирик ҳарбий кампания бошлаганини маълум қилди.
Ямандаги бошқарув Кенгаши раиси Рашод ал-Алимий ўз мурожаатида ҳукумат кучлари мамлакат ҳусийчилар «чангалидан озод қилинмагунча» ҳужумни давом эттиришини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор вазиятни юмшатиш учун барча имкониятлар тугаганидан кейин қабул қилинган. Кейинроқ ҳарбий вакил ҳусийчиларни қуролни ташлашга чақирди.
Reuters манбаларига кўра, операцияда ҳаво ҳужумларини Саудия Арабистони олиб боради, қуруқликдаги жангларда эса Яман кучлари қатнашади. АҚШ эса Ар-Риёдга разведка маълумотлари билан ёрдам бермоқда.
Ҳусийчилар эса шу куни жавоб ҳаракатларини амалга оширди. Улар Ар-Риёд ва Ҳурайс ҳудудидаги Saudi Aramco объектларига баллистик ракеталар ва дронлар билан зарба берган. Ҳусийчилар буни сўнгги 12 соатда Саудия Арабистони бошчилигида коалиция берган 50 та ҳаво ва ракета зарбасига жавоб деб атади. Саудия бу даъвони ҳозирча тасдиқламади.
Яман ҳукуматининг қарори ҳусийчиларнинг сўнгги ҳарбий ютуқлари фонида эълон қилинмоқда. Ўтган ой ҳусийчилар кутилмаган ҳужум орқали бир неча ҳафтада Боб ал-Мандаб бўғози ва Қизил денгиз бўйидаги 150 километрга яқин соҳилни эгаллаганди.
Эрондаги уруш ортидан Ҳўрмуз ёпилгач, Боб ал-Мандаб янада муҳим йўлакка айланди. Ўзини расман «Ансоруллоҳ» деб атайдиган ҳусийчилар 2014 йилдан буён Яманда пойтахт Сано ва шимоли-ғарбий ҳудудларни назорат қилиб келади. Саудия Арабистони 2015 йилда урушга аралашган, бироқ уларни мағлуб эта олмаган.
АҚШ B-1 бомбардимончиларини қайтарди
Америка Қўшма Штатлари Буюк Британиядаги авиабазадан ўзининг B-1 бомбардимончи самолётларини олиб чиқиб кетди. Бу маълумотни Пентагон расмийси тасдиқлади ва самолётлар АҚШдаги «ўз доимий базаларига қайтарилганини» билдирди.
Лондон шимоли-ғарбида жойлашган RAF Fairford авиабазасида ўн иккита B-1 самолёти бор эди. Бу йирик бомбардимончилар АҚШнинг Эронга берган зарбалари учун ишлатилган ва ҳар бирининг нархи бир неча юз миллион доллардан ошади.
Ушбу воқеа – Буюк Британиядаги АҚШ авиабазаси яқинида бир неча киши террорчилик ҳаракатларини тайёрлашда гумонланиб ҳибсга олинганидан кейин юз бермоқда.
Ўтган ҳафта Британия расмийлари базани нишонга олган эҳтимолий ҳужумга Эроннинг алоқадорлиги ҳақида «жиддий белгилар» борлигини таъкидлаганди. Эрон эса айбловлар асоссиз эканини билдирди ва бу масала юзасидан Британиянинг Теҳрондаги элчисини чақиртирди.







