31 июл, Париж Олимпиадасининг бешинчи кунида Ўзбекистон делегацияси дзюдо, бокс, камондан отиш ва академик эшкак эшиш бўйича баҳсларда қатнашишди.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Гулноза Матниязова ўзининг учинчи Олимпиадасини ғалаба билан бошлади.
-70 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи илк босқичда КХДР вакили Сонг Мунни доғда қолдириб, иккинчи даврага йўл олди.
Аммо чоракфиналда Матниязова япониялик кучли рақиб Саки Низоега ютқазиб, турнирдаги иштирокини тўхтатди.

Эркаклар жамоаси вакили, медал кутилган Давлатбек Бобонов ҳам муваффақиятсизликка учради.
-90 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик дзюдочи БАА номидан қатнашган Арам Григорянга қарши баҳс олиб борди ва мағлубиятга учраб мусобақани тарк этди.

Давлатбек Бобонов Осиё ва Жаҳон чемпионати совриндори ҳисобланади. Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада бронза медалини қўлга киритган.

-57 кг бўлган вазн тоифасида жанг қилувчи Ўзбекистон Олимпиадаси байроқдори Абдумалик Ҳалоков Швеция вакили Небил Ибраҳимга қарши жанг қилди.
Небил Ибраҳим Европа чемпионати совриндори ҳисобланади.
Уч раунд давом этган баҳсда 24 ёшли ўзбек спортчиси ғалаба қозонди ва кейинги босқичга йўл олди. Ҳакамлар барча раундларда ўзбек спортчисининг ғалабасини эътироф этди — 5:0.

Ҳалоков энди 3 август куни чоракфинал доирасида рингга чиқади.




















