Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бу глобал камбағаллик кўрсаткичи. Буни Ўзбекистонда амал қилади, деб ҳеч ким айтгани йўқ» – Обид Ҳакимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг Kun.uz’га берган интервьюси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда сўз олган Обид Ҳакимов камбағалликнинг ўлчовлари ҳақида гапирди.
“Камбағалликни ўлчаш деганда бир нарсани айтиш керакки, камбағалликнинг таърифига қараб унинг ўлчови ҳам ўзгаради. Қандай таъриф бўлса, унинг ўлчови ҳам ўзгаради. Масалан, қайсидир таърифда камбағаллик 5 фоиз бўлса, бошқа таърифга асосан камбағаллик 10 фоиз бўлиши мумкин. Мамлакатнинг у ёки бу ҳолатидан, ижтимоий, иқтисодий одатларидан келиб чиққан ҳолда ҳар хил ўлчовлар бўлади.
Шунинг учун камбағаллик ўлчови икки турга бўлинади: глобал камбағаллик ўлчовлари ва миллий камбағаллик ўлчовлари. Глобал камбағаллик ўлчовларини ўз мандатига кўра Жаҳон банки белгилайди. Жаҳон банки паст ўрта даромадли мамлакатлар даромади ўсишидан келиб чиққан ҳолда глобал камбағаллик чегарасини 3,2 АҚШ доллари миқдорида белгилаган. Агар мамлакат юқори ўрта даромадли мамлакатлар қаторига кирадиган бўлса, у мамлакат камбағаллик чегарасини 5,5 АҚШ доллари миқдорида белгилаган.
Доллар номинал курс бўйича ўтказилганида 30 минг сўмдан ошиқроқ пул бўлади-ку, деган фикрлар бўлди. Жаҳон банки томонидан дунё бўйича ҳар бир мамлакат пулининг тўлов қобилияти, ўша мамлакатларда яратилаётган товар, хизматларнинг бошқа мамлакатларга солиштириш учун дастур ишлаб чиқилган. Бу дастурга асосан мамлакатлардаги ҳолатга баҳо берилади”, - дея Обид Ҳакимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори 3,2 доллар қандай қилиб 5600 сўмга ўтказилгани ҳақида ҳам изоҳ берди.
“3,2 доллар қандай қилиб 5600 сўмга ўтказилди деган гапга келадиган бўлсак, ўша ерда тўлов қобилияти паритети бўйича деб аниқ қилиб айтдик. Тўлов қобилияти паритети бўйича 3,2 доллар қийматдаги маҳсулотлар, масалан АҚШда бу қийматга нима маҳсулотлар ола оласиз, шу пулнинг қанча кучи бор? Шу маҳсулотларни Ўзбекистонда қанчага олса бўлади? Мана шу паритет коэффициенти бўйича ҳисобланади. У номинал бўйича ҳисобланмайди.
Масалан, Америкада бир дона нонни 2 долларга оладиган бўлсангиз, Ўзбекистонда бир дона нон 20 цент бўлади. Ўн баробар фарқи бор. Бу коэффициент битта нон, бензин ёки бошқа нарсага эмас, бир нечта, мингдан ортиқ маҳсулотлар орқали ҳисоблаб чиқилади. Бундан ташқари, 2020 йилда ҳам Жаҳон банки билан биргаликда 2011 йилдан бери тўлов қобилияти паритети бўйича бўлган суммани ҳисоблаб чиққанимизда ҳам бу сумма чиққан.
5600 сўм деганим, бу сумма айрим коэффициентлар бўйича 6 минг, 5,5 минг, 6,5 минг атрофида туради. Унчалик ҳам катта фарқ қилмайди. Бир нарсани айтиб ўтишим керак: бу глобал камбағаллик кўрсаткичи. Буни Ўзбекистонда амал қилади, деб ҳеч ким айтгани йўқ, ҳеч ким айтмайди ҳам. Шунинг учун бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистондаги миллий камбағаллик чегарасини ишлаб чиқиш. Уни ишлаб чиқиш учун ҳозир тадқиқотлар олиб борилмоқда. Кеча айтилган нарса Ўзбекистонда шундай экан, деган нарса эмас. Бу камбағалликни ўлчаш бўйича ўлчов сифатида айтилди”, - деди Обид Ҳакимов.
Мавзуга оид
09:40 / 02.11.2025
Халоскор мигрантлар ва иқтисодий сиёсатдаги истеъфо — ҳафта дайжести
10:47 / 30.10.2025
Равшан Ғуломов ишдан олинди
21:12 / 06.12.2023
Обид Ҳакимов: ЖСТга қўшилиш аҳоли фаровонлигини сезиларли оширади
12:34 / 04.09.2021