Тошкентда Аския бозори ҳудуди ва бинолари 16,8 млн доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди
Бозор ерости автотураргоҳга эга экобозор ва совуткичли омборхонадан иборат қилиб қайта қурилади. Лойиҳани ўтган ҳафта анонс қилган Яккасарой ҳокими бозор ҳудудида 4 юлдузли меҳмонхона ҳам қурилиши ва 150 млн долларлик хорижий инвестиция кириб келишини айтганди.
Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Аския бозорининг ҳудуди ва бино-иншоотлари 20 декабр куни аукционда сотилади.
Бошланғич нарх – 214,9 млрд сўм (ёки тахминан 16,8 млн доллар). E-auksion сайтидаги маълумотга кўра, бу нархни бозор акциядорлари белгилаган.
Аукцион 20 декабр куни соат 10:00 да бошланади.
Сотилаётган объектнинг умумий майдони 1,83 гектар бўлиб, шундан 0,68 гектарда бинолар жойлашган. Бино-иншоотларнинг умумий майдони – 7439 кв.м.
Real Excellent Valuation компанияси 1 июл кунги ҳисоботида Аския бозорининг бино-иншоотлари бозор қийматини 9 млрд сўмга, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини эса 180 млрд сўмга баҳолаган.
Харидор бозор фаолиятини сақлаб қолган ҳолда уни қайта қуриши: камида 3000 квадрат метр майдонга эга экобозор, камида 1200 квадрат метр майдонга эга музлаткичли омбор ва камида 400 та автомобилга мўлжалланган ерости автотураргоҳини барпо этиши керак бўлади.
Қурилиш тугагач, инвестор умумий майдони 42 сотих бўлган экобозор, музлаткичли омбор ва автотураргоҳни – уларнинг қийматидан қатъи назар – бозор акциядорларига текинга топшириши керак. Бунинг эвазига инвестор қолган 1,4 гектар майдонни ўз хоҳишига кўра тасарруф эта олади.
Аския деҳқон бозори лойиҳа ҳудудидаги бошқа жойга кўчирилиб, иш бошламагунча лойиҳани бошлашга рухсат берилмайди. Қурилиш ишлари деҳқон бозори фаолиятига таъсир кўрсатмасдан, унинг тўлиқ функционаллигини сақлаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Қурилиш якунлангач, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори босқичма-босқич экобозор ҳудудига кўчирилади.
Инвестор бозор ҳудудидаги хусусий мулк эгалари билан музокара ўтказиб, компенсация тўлаши ёки келишган ҳолда уларга тенг қийматли майдонлар ажратиши талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Аския бозори ҳудуди хусусий қўлларга берилиши 18 ноябр куни маълум бўлганди. Шу куни туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова ҳозирги бозор ўрнида экобозор, совуткич омборхона, ерости автотураргоҳ ва 4 юлдузли меҳмонхона қуриш лойиҳасини тақдим этганди.
Аллабергенова лойиҳа инвестори аукцион орқали аниқланишини айтган, лекин ҳокимлик баёнотидаги “лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади” деган жумла инвесторнинг кимлиги аллақачон аниқ бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминларга сабаб бўлганди. Чунки бу гап билан объектни эҳтимол ички манбалар ҳисобидан барпо этишни кўзлаган инвестор сотиб олиши мумкинлиги истисно қилинган.
Мавзуга оид
22:20
«Тошкент — Хожикент» йўналишида янги тезюрар электропоезд қўйилади
15:14
Миробод прокурори электр энергиясини тежаш бўйича рейд ўтказди. Тармоқ соатига 19 980 сўмлик юкламадан халос қилинган
19:45 / 30.11.2024
Хотинининг бармоғини синдирган шахсга оилавий зўравонлик айблови билан ҳукм ўқилди. У Қурилиш вазирлиги мутахассиси бўлган
11:59 / 29.11.2024