Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши комплекс тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир натижасида қўшни давлатдан олиб келинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаси Тошкент шаҳрида мусодара қилинган.
Хусусан, Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган ва муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган шахс Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида 1 килограмм 185 грамм гашиш моддасини шартли харидорга 26 минг АҚШ долларига сотишга келишган.
У келишилган маблағнинг 21 минг долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситасини у билан бирга Сурхондарёдан Тошкентга олиб келган Cobalt автомобили ҳайдовчиси ҳам меҳмонхона ёнида қўлга олинган. Денов шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган мазкур шахс муқаддам ўғрилик билан боғлиқ жиноят учун судлангани қайд этилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.














