Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябр кунги селекторда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида маҳалла ва кўчаларни комплекс ривожлантириш бўйича қилинган ишларни эътироф этди.

Йил бошидан тумандаги 9 та кўча бизнес, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантирилди. Бу борада Қичқириқ маҳалласидаги ўзгаришлар яхши натижа бергани қайд этилди.

Илгари инфратузилмаси етарли бўлмаган ҳудудда қисқа вақт ичида 450 ўринли боғча, спорт майдончалари, сайилгоҳ, амфитеатр, пиёдалар йўлаги ва фавворалар барпо этилди. Натижада 5,5 минг нафар аҳоли учун яшаш ва дам олиш шароити сезиларли даражада яхшиланди.

Ушбу тажрибани кенгайтириб, Олмазорда яна 8 та кўчада, пойтахтнинг қолган 11 та туманида эса камида 3-4 тадан кўчада шу каби ишлар бошланиши белгиланди.

Тошкент шаҳридаги 100 та кўчани комплекс янгилаш учун 1 триллион сўм ажратилган. Шунингдек, 400 та маҳаллани Қичқириқ маҳалласи намунаси асосида обод қилиш бўйича 4 йиллик, 10 триллион сўмлик дастур ишлаб чиқилади.

Ҳар бир туманда қайси кўча ва маҳаллада, қачон ва қандай ўзгариш бўлиши аниқ белгилаб олиниб, маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиниши ва аҳолига очиқ эълон қилиниши зарурлиги таъкидланди.

photo_2026-09-11_19-01-42
Фото: Президент матбуот хизмати

Пойтахтнинг тарихий қисми – Эски шаҳар ҳудудини комплекс ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда 1 ноябрга қадар мазкур ҳудудни ривожлантириш бўйича ягона концепция ва аниқ лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

photo_2026-09-11_19-07-24
Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда пойтахтдаги давлат идораларига тегишли бинолардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бугун Тошкентда умумий майдони 765 минг квадрат метр бўлган 497 та маъмурий бино мавжуд.