НАТО қўмондони Россияни огоҳлантирди
Европа ва Россия ўртасида кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда НАТО қўмондонлиги алянсга ҳужум қилинса қандай жавоб берилишини айтди.
НАТОнинг Европадаги Бирлашган қуролли кучлари олий қўмондони, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Алексус Гринкевич 12 октябр куни Варшава хавфсизлик форумида НАТО мудофаа иттифоқи эканини таъкидлади. Бироқ у ҳар қандай ҳужумни "мутлақо бефойда" қилишга қаратилган уч йўналишли ёндашув ҳақида ҳам гапирди: душман кучларини тўсиш, зарбасини сусайтириш ва синдириш.
Генерал Россия номини тилга олмади, бироқ унинг гаплари асосан Москвага қаратилганди.
"Агар кимдир бизга ҳужум қилишдек аҳмоқликка борса, жанг қиламиз. Қисқаси, исталган иттифоқчимизга қилинган ҳар қандай ҳужум мутлақо бефойда бўлиб чиқишини таъминлаймиз", деди Гринкевич.
Унинг сўзларига кўра, НАТОнинг жавоби чекланиб қолмайди.
"Агар рақиб ҳужумни давом эттирса ёки захираларини ишга солса, бизга қарши жалб этилган уруш олиб бориш тизимини синдирамиз. Бунга нафақат ҳужум қилаётган кучнинг ўзи, балки уни қўллаб-қувватлайдиган, таъминлайдиган ва бошқарадиган ҳар қандай нарса киради", деди генерал.
Бу баёнот Европа иттифоқчилари АҚШнинг НАТОдаги ўзаро мудофаа мажбуриятига содиқлигидан хавотирда бўлиб турган пайтда янгради.
Европа ҳукуматлари сўнгги йилларда Москвани саботаж, дрон билан ҳаво ҳудудини бузиш ва киберҳужумларни кучайтиришда айбламоқда. Россия эса бунга алоқадорлигини рад этиб келади.
Саудияда ҳужумдан огоҳлантириш тизими ишламаяптими?
Ар-Риёд аэропортида камида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган қатор ҳалокатли ҳужумлардан бир неча кун олдин Саудия Арабистони яқинлашиб келаётган ҳарбий ҳужумлар ҳақида оммавий огоҳлантиришлар беришни тўхтатган. Ҳукумат нима учун ўтган ҳафтадаги ҳужумлардан олдин жамоатчиликка ҳеч қандай огоҳлантириш берилмагани сабабини айтмади.
Reuters'нинг таҳлилчиларга таяниб ёзишича, аэропортга ҳужумлар вақтида бундай хабарномаларнинг йўқлиги Саудия Арабистонининг ҳужумларга нисбатан заифлиги, аҳоли ва ташриф буюрувчиларни ҳимоя қилиш қобилияти борасида саволлар туғдирмоқда. Бу ҳаммаси жойидадек туюлиши учун қилинган саъй-ҳаракатларни ҳам акс эттирган.














