Спорт | 16:27 / 26.11.2025
28661
3 дақиқада ўқилади

Жавоҳир Синдоров Жаҳон кубоги ғолиби бўлди

У финалда Хитой вакили Вей Йини мағлуб этди ва Жаҳон кубогида ғолиб чиққан энг ёш чемпионга айланди.

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон кубоги финалида хитойлик Вей И устидан ғалабага эришди.

Ушбу шахматчиларнинг 25 ноябр кунги баҳсларида дуранг қайд этилганди: 0,5 - 0,5, 0,5 - 0,5.

Натижада ғолиб 26 ноябр куни тай-брейкда аниқланди. Тай-брейкнинг ҳам биринчи партиясида кучлар тенг келди (бу партияда Синдоров оқ доналарда ўйнаганди), иккинчи партияда эса ўзбекистонлик шахматчи қора доналарда ўйнаганига қарамай, ғалабага эришди. 

Шу тариқа, 19 ёшли Синдоров Жаҳон кубогида ғолиб бўлган энг ёш шахматчига айланди. Бунгача бу мақом Левон Ароянга тегишли бўлиб турганди (2005 йилда чемпионликка эришган арманистонлик шахматчи 23 ёшда бўлган).

Бундан ташқари, у ушбу турнирда ғолиб чиққан иккинчи ўзбекистонлик шахматчи бўлди. 2004 йилда Рустам Қосимжонов Латвияда ўтказилган Жаҳон кубогида илк ўзбекистонлик чемпион бўлган (ўша вақтда FIDE жаҳон кубоги ва жаҳон чемпионатини битта номда ўтказган).

Шу куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида Жавоҳирни чемпионлик билан табриклади.

Бу қандай турнир?

2025 йилги Жаҳон кубоги  Халқаро шахмат федерацияси (FIDE ) ҳимояси остида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган энг йирик шахмат нокаут турниридир. Унда 2 миллион долларлик мукофот фонди ва 2026 йилги Даъвогарлар турнирига учта йўлланма ўйналади.

Ғолиб 120 минг доллар, иккинчи ўрин эгаси 85 минг доллар, учинчи ўрин 60 минг доллар ва тўртинчи ўрин 50 минг доллар олади. Совринлар биринчи босқичга қадар тақсимланади, минимал тўлов 3500 долларни ташкил қилади.

Сўнгги йилларда ушбу турнирда Левон Аронян (2005, 2017), Теймур Раджабов (2019), Ян-Кшиштоф Дуда (2021) ва Магнус Карлсен (2023) каби номдор шахматчилар ғолиб бўлган. 

Бу йилги турнир яримфиналида ўзбекистонлик икки шахматчи  Жавоҳир Синдоров ва Нодир Ёқуббоев бир-бирига қарши дона сурганди. Синдоров ушбу баҳсда ғалаба қозониш орқали финалга чиқиш билан бирга Даъвогарлар турнирига йўлланмани нақд қилди. Ёқуббоев эса йўлланма учун иккинчи имкониятга эга бўлди. Аммо 3-ўрин учун баҳсда у россиялик Андрей Есипенкога ютқазиб қўйди (0:2).

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид