Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 522-сон қарори билан аҳоли бандлиги ва ишсизлик ҳисобини юритиш тартиби такомиллаштирилди.
Ҳужжатда меҳнат ресурслари балансини шакллантириш, бандлик ва ишсизликни ҳисоблаш методикаси ҳамда ишсизлар ва норасмий бандларнинг манзилли рўйхатини тузиш тартиби тасдиқланган.
Аввал маълумотлар базалари солиштирилади
Ишсизлар ва норасмий бандлар рўйхати balans.mehnat.uz электрон платформаси орқали шакллантирилади. Платформа «Рақамли ҳукумат» тизими орқали вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.
Идоралар ҳар чорак якунланганидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар тегишли маълумотларни тақдим этади. Улар асосида фуқаролар автоматик равишда тоифаларга ажратилади.
Бунда ташкилотларда ишловчилар, таълим олувчилар, пенсионерлар, тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилганлар, ҳунармандлар, хорижда вақтинча меҳнат қилаётганлар ва бошқа тоифалар ҳақидаги маълумотлар ҳисобга олинади.
Ушбу маълумотлар асосида тоифаси аниқланмаган шахслар бандлик ҳолати номаълум фуқаролар сифатида алоҳида ажратилади. Уларнинг манзилли рўйхати ҳар чоракдан кейинги ойнинг 10-санасига қадар маҳаллалар кесимида шакллантирилади.
Ҳоким ёрдамчилари кимларнинг уйига боради?
Бандлик ҳолати номаълум бўлган фуқаролар рўйхати икки иш куни ичида «Онлайн маҳалла» платформаси орқали ҳоким ёрдамчиларига юборилади.
Ҳоким ёрдамчилари ҳар чоракда бир марта, ҳисобот чорагидан кейинги ой якунига қадар рўйхатдаги ҳар бир фуқаронинг яшаш манзилига бориб, унинг бандлик ҳолатини ўрганади.
Хатлов натижасида аниқланган ишсизлар ва норасмий бандлар ҳақидаги маълумотлар «Онлайн маҳалла» платформасига киритилади. Кейин улар balans.mehnat.uz тизими билан интеграция қилинади.
Шу тариқа, манзилга бориб ўрганиш айнан ахборот базалари орқали бандлик ҳолатини аниқлашнинг имкони бўлмаган фуқаролар бўйича ўтказилади.
Маълумотлар ҳар чоракда янгиланади
Республикадаги барча маҳаллалар кесимида ишсизлар ва норасмий бандларнинг манзилли рўйхати ҳар чоракдан кейинги ой якунига қадар тўлиқ шакллантирилади.








