DW хабарига кўра, Волгоград вилояти маъмурияти Telegram орқали шаҳарнинг Красноармейский туманидаги Удмуртская кўчасида жойлашган кўп квартирали уйда ёнғин чиққанини маълум қилган.
Вилоят губернатори Андрей Бочаров ҳужумни Украина дронлари амалга оширганини билдирган. Унинг маълумотига кўра, бир киши жабрланган ва шифохонага ётқизилган.
Хабар эълон қилинган пайтда ёнғиннинг тарқалиши тўхтатилган, тезкор хизматлар воқеа жойида ишни давом эттираётган бўлган.
Губернатор: нишон саноат инфратузилмаси бўлган
Бочаровнинг баёнотида ҳужум вилоятнинг «саноат инфратузилмаси»га қаратилгани айтилган. Бироқ қайси корхоналар зарар кўрганига аниқлик киритилмаган.
Astra Telegram канали гувоҳлар тасвирлари асосида ўтказган очиқ манбалар таҳлилида ёнғин шуъласи Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи ва унга яқин жойлашган «Каустик» корхонаси томонида кўринаётганини билдирган.
Айни пайтда канал муаллифлари мавжуд видеолар орқали айнан нима ёнаётганини аниқлашнинг имкони йўқлигини қайд этган. Шу боис мазкур корхоналардаги эҳтимолий ёнғинлар ҳақидаги маълумотлар ҳозирча аниқ тасдиқланмаган.
Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи «Лукойл» таркибига киради. Йилига қарийб 14 млн тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга корхона Россия жанубидаги энг йирик нефт заводларидан бири ҳисобланади.
Astra маълумотига кўра, «Каустик» эса Волгоград вилоятининг етакчи корхоналаридан бўлиб, фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган асосий кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Канал бу маҳсулотларнинг Россия ҳарбий-саноат мажмуаси учун муҳимлигини таъкидлаган.
Самарада ҳам нефт объектига ҳужум ҳақида хабарлар тарқалди
2 октябр тонгида Astra ўз таҳлили асосида Россиядаги яна бир энергетика объекти — «Самара» нефт узатиш ва диспетчерлик станциясига ҳам ҳужум қилинган бўлиши мумкинлигини хабар қилган.
EnergyBase портали маълумотларига кўра, «Транснефть — Приволга» компаниясига қарашли ушбу станция Россиядаги шу турдаги энг йирик объект бўлиб, нефтни ташиш ва аралаштиришда муҳим ўрин тутади.








