Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан амалга оширилади.

Маслаҳат учрашувида сиёсий-дипломатик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ва энергетика соҳасидаги шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма чоралар, маданият, таълим, илм-фан ва ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш кун тартибидан ўрин олган.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро масалалар, тинчлик, барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга оид устувор вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашади.

МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилиниб, уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади. МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллигини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбирлар якунида қўшма ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган. Ташриф давомида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.