Ўзбекистон | 21:13 / 01.12.2025
4736
3 дақиқада ўқилади

“Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши орқали олинган суратлар билан ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш мумкин бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев хузурида "Самарқанд-2028” сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш ишларининг бориши кўриб чиқилди. Ерни масофавий зондлашга мўлжалланган мазкур йўлдош учун сунъий интеллект модули ишлаб чиқилади. Йўлдош олган суратларни ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда қўллаш мумкин бўлади.

Президент тиббиётда сунъий интеллект ёрдамидаги диагностикани ишлатиш мумкин бўлган касалликлар турини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Шу муносабат билан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жигар, ўпка ва простата бези саратони, инфаркт ва мураккаб суяк синишларини диагностика қилишда тиббий суратларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.

Келгуси ўқув йилидан мактаб, техникум ва олийгоҳларда ўқувчи ва талабаларга сунъий интеллектни ўқитиш бошланади. Бунинг учун информатика ўқитувчилари тайёрланмоқда. Лекин фақат уларни эмас, бутун мактаб жамоасини сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатиб, ўқитувчиларнинг юкламасини камайтириш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шунда ўқитувчида ўз устида ишлашга кўпроқ вақт қолади, деб таъкидланди йиғилишда.

Тақдимотда бу борадаги янги ёндашувлар кўриб чиқилди. Жумладан, мактаб таълими учун сунъий интеллектга асосланган платформани жорий қилиш таклиф этилди. Бунда ўқитувчининг виртуал ёрдамчиси ишлаб чиқилади ва платформага интеграция қилинади. Ушбу ечим ўқитувчиларга мавзуга доир маъруза матнлари, тақдимотлар, тестлар, дарс режаларини тузиш, имтиҳон жараёнларини назорат қилишда кўмаклашади.

Йиғилишда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиларининг малакасини ошириш дастури ҳақида ахборот берилди.

Транспорт соҳасида ҳам сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, сунъий интеллект ёрдамида йўллардаги қоидабузарликларни автоматик аниқлаш, вагонлар техник ҳолатини мониторинг қилиш орқали темир йўлда авариялар хавфини камайтириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.

Бундан ташқари, космик технологиялар бўйича янги ташаббуслар ишлаб чиқилган. “Samarqand-2028” сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш ишларининг бориши кўриб чиқилди. Ерни масофавий зондлашга мўлжалланган мазкур йўлдош учун сунъий интеллект модули ишлаб чиқилади. Йўлдош олган суратларни ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда қўллаш мумкин бўлади.

Тақдимот якунида давлат раҳбари кўриб чиқилган лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, сунъий интеллект технологияларидан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада фойдаланишни кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид