10 ноябр куни Туркиянинг Анталия шаҳрига амалий ташриф доирасида президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон метеорология ташкилоти бош котиби Селеста Сауло билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда иқлим ўзгаришини мониторинг қилиш, хавфли об-ҳаво ҳодисаларига бардошлиликни ошириш ҳамда экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва ЖМТ ўртасида гидрометеорология инфратузилмасини модернизация қилиш, об-ҳавони кузатиш тизимларини такомиллаштириш ва маълумот алмашиш йўналишларида кўп йиллик ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Музокараларда атмосфера ҳолатини кузатиш, қум ва чанг бўронларини олдиндан прогноз қилиш ҳамда ҳаво сифатини таъминлаш соҳаларида шерикликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг оқибатларига қарши бардошлиликни ошириш ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларни камайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар иқлим соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканини билдирди.














