Давлат раҳбари инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Янги Тошкент фақат уй-жой қуриладиган ҳудуд бўлиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади.

«Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас», — деди президент.

Унинг қайд этишича, янги шаҳар замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши лозим. Бироқ ҳозиргача ажратилган ерларнинг учдан икки қисми уй-жой лойиҳаларига тўғри келмоқда.

Мулоқотда инвесторларга берилган 28 та лотда фаол қурилиш бошланмагани алоҳида кўрсатиб ўтилди. Бунга эскича талаблар, рухсат олиш жараёнларининг чўзилиши ва айрим идораларнинг тадбиркорга ҳамкор ўрнига назоратчи сифатида муносабатда бўлиши тўсиқ бўлаётгани айтилди.

«Инвестор эса кутмайди. У кўмак ва кафолат сезмаса, маблағини бошқа бозорга йўналтиради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис тадбиркорга ер ажратишдан бошлаб лойиҳани ишга туширишгача бўлган жараённи қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Айни пайтда Янги Тошкентда ерга талаб ортиб бормоқда. Бир гектар ернинг ўртача қиймати 2024 йилда 10 миллиард сўмга етмаган бўлса, ҳозир 19 миллиард сўмга чиққан.