DW хабарига кўра, 11 октябрга ўтар кечаси Украина дронлари «Яндекс»нинг олтита йирик дата-марказидан учинчисига — Владимир шаҳридаги объектга ҳужум қилган. Шундан кейин «Сбой.рф» ва Downdetector мониторинг сайтларида турли хизматлар иши бўйича шикоятлар қайд этилган.

Фойдаланувчилар «Яндекс Пэй», «Яндекс Игры», «Яндекс Go» ва «Кинопоиск» хизматларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келган.

Такси буюртма қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳақида Арманистон, Беларус, Гуржистон, Қозоғистон ва Сербиядаги фойдаланувчилар ҳам хабар берган.

Узилишлар фақат «Яндекс» сервислари билан чекланмаган. «Вкусно — и точка», KFC ва «Додо Пицца» тармоқлари, Lamoda онлайн дўкони, Sports.ru портали, «Пятёрочка», «Магнит» ва «Лента» савдо тармоқлари ресурсларига киришда ҳам муаммолар кузатилган.

Шунингдек, Санкт-Петербургдаги Пулково аэропорти, Flowwow гул етказиб бериш хизмати, «Циан» кўчмас мулк платформаси ва «Дом.ру» интернет провайдери фойдаланувчилари ҳам шикоят қилган.

Қандли диабети бор инсонларга глюкоза даражасини онлайн кузатиш имконини берувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган Sinocare компанияси ҳам хизматларида муаммолар юзага келганини билдирган.

Ҳужумлардан кейин «Яндекс» иловаларидаги қўллаб-қувватлаш хизмати ҳам ишламай қолган. Компания ёрдам сўраш учун сервисларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига мурожаат қилишни тавсия этган.

Тизимга тушаётган юкламани камайтириш мақсадида айрим булутли хизматлар, жумладан, «Диск»нинг баъзи функциялари атайлаб ўчирилган.

11 октябр кечқурун «Яндекс» сервислар босқичма-босқич тикланаётганини маълум қилган.

«Алиса, қидирув, “Яндекс Хариталар”, такси, почта ва бошқа сервисларга кириш тикланмоқда. Бироқ уларнинг айрим функциялари ҳозирча ишламаяпти», — дейилган компания баёнотида.

«Яндекс» ўз объектларига ҳужумлар ҳақида илк бор 9 октябрда, кетма-кет икки кеча давомидаги дрон зарбаларидан сўнг маълум қилган эди. Компания Рязан вилоятининг Сасово шаҳридаги дата-марказ «жиддий шикастлангани», Калугада эса инфратузилманинг бир қисми ишдан чиққанини билдирган.

T-Invariant Telegram-канали ушбу икки шаҳардаги зарбалар оқибатида «Яндекс»нинг учала суперкомпьютери ҳам ишдан чиққан бўлиши мумкинлигини ёзган. Бу маълумот компания томонидан тасдиқлангани хабарда келтирилмаган.