Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев турар жой қуриш билан шаҳарга хизмат қиладиган меҳмонхона ёки савдо марказини барпо этишнинг иқтисодий юки бир хил эмаслигини таъкидлаган.
Шунга кўра, инфратузилма тўловининг базавий ставкаси:
савдо, сервис ва бизнес марказлари учун — 3 баробар;
меҳмонхона ва туризм объектлари учун — 5 баробар;
маданий ва кўнгилочар масканлар учун — 10 баробар камайтирилади.
Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун эса тўлов 1 фоиз этиб белгиланади.
Дунёнинг етакчи архитекторлари ишлаб чиққан ўзига хос лойиҳаларга тезкор тартиб қўлланади. Лойиҳалаш, қурилиш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнлари жадаллаштирилиб, бир хил маълумотни қайта-қайта талаб қилиш амалиётига чек қўйилади.
Мулоқотда Янги Тошкент ҳақиқий «яшил шаҳар» бўлиши шартлиги ҳам таъкидланган. Қурилаётган объектларга «яшил бино» стандартлари қўлланади, бироқ сертификат олиш тадбиркор учун қўшимча харажат экани инобатга олинган.
Шу боис қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган нотурар жой лойиҳалари учун «яшил» сертификат олиш харажатлари давлат томонидан тўлиқ қопланади.
Шунингдек, инвестор сотиб олган ҳар бир ер майдонининг 30 фоизини яшил ҳудудга айлантириш талаби Янги Тошкентдаги лойиҳаларга қўлланмайди. Шаҳар ҳудудининг 30 фоизини кўкаламзорлаштириш бош режа асосида давлат томонидан таъминланади.
Йирик инвесторлар билан ишлашда ҳам янги ёндашув жорий этилади. Қиймати 50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага алоҳида масъул бириктирилади. У объект ишга тушгунига қадар инвесторга ҳамроҳлик қилиб, юзага келадиган масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, «50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага — битта инвестиция битими» тамойили амал қилади. Битимда инвесторнинг мажбуриятлари ва таваккалчилиги ҳисобга олиниб, унга мос имтиёзлар пакети белгиланади.














