Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Янги Тошкентдан пойтахтнинг ҳар бир туманига ҳам 100 гектардан ҳудуд бириктирилган. Туман ҳокимлари ўз тадбиркорлари билан ишлаб, ушбу майдонларга янги лойиҳаларни жалб қилиши керак.

Худди шундай имконият мамлакатнинг қолган 13 та ҳудудига ҳам берилади. Бу майдонларда амалга оширилган инвестициялар тегишли ҳудуд ёки пойтахт туманининг кўрсаткичларида ҳисобга олинади.

Бириктирилган майдонлардаги ер участкалари бўйича биринчи аукцион фақат ўша ҳудуд ёки туман тадбиркорлари учун ўтказилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент бутун мамлакат ишбилармонлари учун янги имкониятлар майдонига айланиши лозимлигини таъкидлаган.

Хорижий сармоядорлар учун эса дастлабки 50 та лот белгиланган. Уларнинг жойлашуви, лойиҳа имкониятлари, иқтисодий ҳисоб-китоблари ва янги енгилликларни қамраб олган аниқ таклифлар пакети элчиларга етказилади.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига чет эл инвесторларини Янги Тошкентдаги имкониятлар билан кенгроқ таништириш топширилган.

Вазирларга ҳам хорижий ҳамкорлар ва йирик компаниялар билан ҳар бир учрашувда Янги Тошкент имкониятларини тақдим этиш, уларни қўшма лойиҳаларга таклиф қилиш вазифаси қўйилган.

Давлат раҳбари эълон қилинган имкониятлар қоғозда қолмаслиги кераклигини қайд этган. Улар ер участкаси, иқтисодий ҳисоб-китоблар ва амалга ошириш муддатлари кўрсатилган тайёр таклиф шаклида сармоядорга етказилиши зарур.