DW хабарига кўра, Доналд Туск 11 октябрь куни X ижтимоий тармоғида ушлаш ҳақида маълум қилган.
«Ҳужум қилиш билан таҳдид қилган эркак ушланди. Полиция ходимларига тезкор ва қатъий ҳаракатлари учун миннатдорлик билдираман», — деб ёзган Полша бош вазири.
Ички ишлар вазири Марчин Кервинский TVP Info эфирида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумонланувчининг алоқалари ва интернетдаги фаолиятини текшираётганини айтган. Вазирлик матбуот котиби Каролина Галецкая эса унинг уйида тинтув ўтказилаётганини билдирган.
Бундан аввал Полша Ички хавфсизлик агентлигининг терроризмга қарши кураш марказида шошилинч йиғилиш бўлиб ўтган. AFP маълумотига кўра, унда полиция, ҳукумат аъзолари хавфсизлигига масъул Давлат қўриқлаш хизмати ва Ички хавфсизлик агентлиги вакиллари қатнашган.
Куч тузилмалари вакиллари ушбу ишга жиддий ёндашаётганини таъкидлаган.
Кервинскийнинг айтишича, эҳтимолий суиқасд тайёргарлигига хориждан алоқадорлик борлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта. У дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи «ўта радикал доиралар» билан боғлиқ бўлиши ва турли шахслар билан алоқа қилган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Доналд Туск 2023 йил декабрдан Полша бош вазири лавозимида ишлаб келмоқда. Владислав Косиняк-Камиш эса мудофаа вазири бўлиш билан бирга, бош вазир ўринбосари ҳам ҳисобланади.
Полша Украинанинг Европадаги асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, Киевга ҳарбий ва гуманитар ёрдам етказиб беришда муҳим транзит мамлакат вазифасини бажаради.
Туск сентябрда разведка маълумотларига таяниб, Россия Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатларга, жумладан, Полшага қарши дронлар ва ракеталардан фойдаланган ҳолда гибрид ҳужумлар режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Варшава Москвани бир неча бор диверсияларда айблаган, Россия расмийлари эса бу айбловларни рад этган.
Бироқ ҳозирги ишнинг Россия ёки бошқа хорижий давлат билан боғлиқлиги тасдиқлангани ҳақида маълумот берилмаган.














