Давлат активларини бошқариш агентлиги расмийлари хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ҳақидаги норма қонунга киритилгани юзасидан изоҳ берди.
Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, 2026 йил 17 августга имзоланган қонун билан, бир нечта қонунларга қуйидагича қўшимча киритилди:
“Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди”.
17 август кунги матбуот анжуманида Давактив масъулларига бу тартибнинг мазмуни, унинг аввалги қонунчиликдан фарқи ва бундан кейин хусусийлаштирилган давлат активларини қайтариб олиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида савол берилди.
Агентликнинг юридик бўлими бошлиғи Улуғбек Ғозиевнинг айтишича, хусусий мулк дахлсизлиги Конституцияда аввалдан кафолатланган, бироқ бу кафолатларни қонунчиликда янада мустаҳкамлаш зарурати юзага келган.
“Бу норма аслида Конституциямизда аввалдан белгиланган мулк дахлсизлиги принципига асосланади. Лекин хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш, хусусийлаштирилган мол-мулкни қайтариш ҳолатлари суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали амалга оширилгани учун ушбу тартиб жорий этилди.
Дастлаб бу масала 2020 йилдаги президент қарорларида акс эттирилди. Кейинчалик давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунга ҳам киритилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳеч қачон хусусийлаштириш натижасини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаган. Хусусийлаштириш жараёни якунланиб, хусусий мулкни тасдиқловчи давлат ордери берилганидан кейин бу ордерни фақат суд томонидан бекор қилиш тартиби қонунда сақланиб қолган. Ҳозир ҳам бу тартиб мавжуд.
Конституцияга эътибор қилсангиз, мулкдорни суд қарорисиз, қонунда белгиланган асослардан ташқари мулкидан маҳрум қилишга йўл қўйилмайди”, — деди Ғозиев.
Ғозиев янги норма, биринчи навбатда, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, зарур ҳолларда эса суд идораларига ҳам тааллуқли эканини қайд этди.















