Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хусусий компания Адлия вазирлигига Kia K9 машинасини нега берганди?
Феврал ойи бошида Roodell компанияси Адлия вазирлигига вақтинча фойдаланиш учун Kia K9 автомобилини бепул тақдим этган. Kun.uz сўровига жавобан, компания буни “давлат-хусусий шериклик доирасида вақтинчалик кўмак кўрсатишнинг стандарт амалиёти” деб атади. Вазирликнинг маълум қилишича, автомобилдан фойдаланиш зарурати қолмагани сабабли у қайтариб берилган.
Адлия вазирлиги хусусий компания – “Roodell” МЧЖнинг қимматбаҳо машинасини бепул олгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Тарқалган скриншотга кўра, 2026 йил 12 феврал куни бу борада вазирнинг 46-сонли буйруғи қабул қилинган.
Буйруқ E-qaror платформасига жойланган, лекин ҳозир уни кўриб бўлмайди.
Ҳужжатда премиум тоифадаги Kia K9 русумли автомобили бепул фойдаланиш шартномаси асосида вазирлик хизматлари учун олинаётгани ёзилган. Автомобилга ёнилғи қуйиш ва техник хизматлар кўрсатиш вазирлик томонидан қопланиши кўрсатилган. Буйруққа бош вазир ўринбосарининг 30 январдаги топшириғи асос сифатида келтирилган.
Kun.uz ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги билан боғланди. Матбуот котиби Ҳаётжон Қиличевнинг маълум қилишича, автомашина нуфузли хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатиш мақсадида вақтинча текин фойдаланиб туриш учун таклиф қилинган ҳамда бугунги кунда ундан фойдаланиш зарурати қолмаганлиги сабабли қайтариб берилган.
“Roodell” МЧЖнинг маркетинг бўлими раҳбари Мария Кимнинг Kun.uz'га тасдиқлашича, Kia K9 ҳақиқатан ҳам компаниянинг таклифи билан вазирликка берилган.
“Мазкур автомобил Адлия вазирлигига фақат бепул вақтинча фойдаланиш шартномаси асосида топширилган. Ҳужжат шартларига кўра, мулк ҳуқуқи “Roodell” МЧЖда сақланиб қолади. Бу ҳадя қилиш ёки сотиш эмас, автомобил вазирликнинг вақтинчалик хизмат эҳтиёжлари учун тақдим этилган бўлиб, уни сақлаш ва эксплуатация қилиш билан боғлиқ барча харажатлар (ЙММ ва техник хизмат) белгиланган тартибда қабул қилувчи томон зиммасига юклатилган. Бу – давлат-хусусий шериклиги доирасида вақтинчалик кўмак кўрсатишнинг стандарт амалиётидир”, – дейди Ким.
Унинг қўшимча қилишича, “бу ерда ҳеч қандай яширин мақсадлар йўқ”, компания маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳисобланади ва автомобилларни бевосита Ўзбекистон бозорида ишлаб чиқаради.
“Сизга маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан давлат ташкилотларининг босқичма-босқич маҳаллий автомобилларга ўтиши бўйича аниқ вазифа қўйилган. Биз Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сифатли автомобиллар йўлларимизда кўпроқ кўриниши ва давлат секторида фаол қўлланишидан манфаатдормиз. Бу – маҳсулотимиз ишончлилигининг энг яхши исботидир. Адлия вазирлиги томонидан бошқа турдаги ҳеч қандай “ёрдам” ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, – дейилади изоҳда.
Эслатиб ўтамиз, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мансабдорлар ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон бир мукофот, фойда ёки совғалар олиши мумкин эмас.
Мавзуга оид
17:10 / 27.04.2026
Аҳоли мурожаатлари асосида «Топ-100 ҳуқуқий тавсия» тўплами шакллантирилади
10:50 / 16.03.2026
Инфратузилма дастуридаги тақсимланмаган маблағлар энди янги тартибда ажратилади
09:06 / 12.03.2026
Ҳаводаги ҳаракатни бошқаришга оид айрим талаблар бекор қилинди
09:13 / 06.03.2026