Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бу – миллий қадриятнинг бир қисми” – вазир Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни олганига изоҳ берилди
Интернетда Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ куйлаб, унга қистирилган пулларни олаётгани акс этган видео тарқалди. Маданият вазирлигининг Kun.uz'га билдиришича, тўйлардаги қистир-қистир “асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат” ва “орзу-ҳавас” ҳисобланади. Вазирликка кўра, агар хонанда узатилган пулларни олишдан бош тортганида, бу камситиш ёки менсимаслик сифатида талқин қилиниши мумкин эди.
Фото: Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ куйлаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Унда вазир ўзига узатилган пулларни олаётгани кўринган. Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров ҳолат юзасидан Kun.uz'га изоҳ берди.
Унга кўра, тарқалган видеодаги ҳолат 2025 йил 25 октябр куни, вазирлик ходимининг никоҳ тўйида бўлган.
“Видеода вазир Озодбек Назарбековга мухлислар томонидан пул узатилгани акс этган. Шу билан бирга, вазир ушбу ҳолатни олдиндан режалаштирмагани, юзага келган вазиятда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини рад этиш уларни омма олдида ноқулай аҳволга солиб қўйиши, камситиш ёки менсимаслик сифатида нотўғри талқин қилиниши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда, ҳолатга ижобий муносабат билдирилганини кузатиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, тўй маросимларида хонандаларга пул узатиш ёки узатмаслик амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган бўлиб, бу ҳолат халқимиз орасида асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат ва қадриятларнинг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекона анъаналарда бундай жараёнлар “орзу-ҳавас” сифатида эътироф этилиб келинади”, дейилади вазирлик изоҳида.
Қайд этилишича, Озодбек Назарбеков – нафақат маданият вазири, балки таниқли ўзбек хонандаси, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими ҳисобланади. Унинг касбий фаолияти бевосита миллий қўшиқчилик санъати билан боғлиқлиги сабабли, тўй маросимида кузатилган ҳолат вазирнинг касбий фаолияти билан боғлиқ вазият сифатида баҳоланиши лозим, дейди вазирлик расмийси.
“Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир инсон эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ўз танлаган касбидан айро бўла олмайди. Мазкур ҳолат ҳам айнан шу нуқтайи назардан келиб чиққан”, дейилади изоҳда.
Kun.uz'га маълум бўлишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолат юзасидан Маданият вазирлигига тақдимнома киритган.
2024 йилда Озодбек Назарбеков Kingsman кийим дўконини реклама қилиб чиққанди. Ўшанда ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлгач, вазирнинг матбуот хизмати у бундан ҳеч қандай моддий манфаатдорликни мақсад қилмаганини билдирганди. Маданият вазирлиги раҳбари, шунингдек, 2025 йилда хусусий университет рекламасида кўриниш берди.
Мавзуга оид
10:30 / 09.12.2025
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўрнида Бошқарув самарадорлиги агентлиги тузилди
16:58 / 04.12.2025
Ғазо вайроналари орасида 54 жуфтлик учун оммавий тўй ўтказилди – фотолар
23:23 / 29.11.2025
Вазирликлар ходимларининг солиқ қарзи ҳақида маълумот бериб борилади
16:33 / 25.11.2025